Ветеринарларга лицензия ДХМ ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади
2020 йил 23 майда Вазирлар Маҳкамасининг “Ветеринария фаолиятини лицензиялаш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат Президентнинг 2020 йил 31 январдаги "Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Регламентга мувофиқ юридик ва жисмоний шахслар лицензияни фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари (www.my.gov.uz) портали орқали олишлари мумкин.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда:
- 2020 йил 1 сентябрга қадар бўлган муддатда Регламентни жорий этишни таъминлаш;
- "VIS-LICENSE" ахборот тизимини уч ой муддатда ишлаб чиқиш ва бугунги кунда фаолият юритаётган лицензиатлар тўғрисидаги маълумотларни 2020 йил 30 декабрга қадар мазкур тизимга киритиш топширилди.
Регламент қуйидаги йўналишларга татбиқ этилади:
- ветеринария лаборатория-диагностика ишлари;
- препаратлар, шу жумладан, доривор воситалар, озуқа қўшимчалари ва бошқаларни ишлаб чиқариш ва тайёрлаш;
- даволаш-профилактика ишлари.
Юридик шахс штатида олий ёки ўрта махсус маълумотга эга бўлган мутахассисларнинг мавжуд бўлиши унинг фаолиятини лицензиялаш учун талаблардан бири ҳисобланади. Маълумоти тўғрисидаги талаб якка тартибдаги тадбиркорга ҳам қўйилади. Яна у 5 йилда бир марта малакасини ошириши керак.
Ариза кўриб чиқилганлиги учун йиғим миқдори БҲМнинг 1 бараварини, лицензия берилганлиги учун давлат божи суммаси эса БҲМнинг 10 бараварини ташкил этади.
Регламент 2020 йил 1 сентябрдан кучга киради.
Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати.