Вилоят ахборот-кутубхона маркази эътиборда

“Зарафшон” газетасининг 2019 йил 2 февраль, 14-сонида “Вилоят ахборот-кутубхона маркази эътибордан четдами?” сарлавҳали мақола эълон қилинганди.

Мақолада кўрсатилган танқидий фикрлар, муаммо, камчилик ва таклифлар асосли кўрсатиб ўтилган.

2008 йил адабиётларни сақлаш мақсадида кутубхона ҳовлисида 3 қаватли бино қурилиши учун Самарқанд шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилиниб, Тошкентдаги “Тошбошплан ЛИТИ”дан рухсатнома олинган бўлса-да, мазкур лойиҳа амалга ошмади.

2018 йилда ўқув зали ҳамда маънавият ва ёшлар билан ишлаш хоналарига иситиш тизими ўрнатилди. Ўша йилнинг апрель ойидан бошлаб кутубхона Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг филиалига айлантирилди ва миллий кутубхона қошидаги  жамғарма томонидан иситиш тизими учун 600 миллион сўм ажратилди. Айни пайтда бинода иситиш тизимини янгилаш ишлари кетмоқда.

Кутубхонадаги газеталарни сифатли сақлаш мақсадида “Тонг” МЧЖдан қалин қоғозлар олинди. Шунингдек, компьютер жиҳозларини янгилашга 200 миллион ва мебель жиҳозлари учун 220 миллион сўмлик таклиф берилди. 300 та адабиётларни ўзбек, рус ва инглиз тилида чоп этиш учун нашриётлар билан келишувлар имзоланди.

Дарҳақиқат, кутубхона ходимлари ҳам соҳага оид билим ва тажрибаларини янада ошириш мақсадида китобхонлар билан мунтазам суҳбат ўтказмоқда. Кутубхонада “Ёш китобхон” танлови ғолиблари Моҳинисо Шомуродова ҳамда Маҳлиё Ўроқованинг Президент совғасини олаётган пайтдаги суратлари жойланди ва улар билан учрашувлар ўтказиш режалаштирилди.

Ш.АҲМЕДОВА,

вилоят ахборот-кутубхона маркази директори.