Вилоят ҳокимининг Пайариқдаги сайёр қабулига 220 нафарга яқин фуқаро мурожаат қилди
Бугун, 27 сентябрь куни Пайариқ туманининг Деҳқонобод ҳудудидаги Истиқлол маҳалласида Самарқанд вилояти ҳокимининг навбатдаги оммавий сайёр қабули ўтказилди.
Сайёр қабулда пайариқликлардан ташқари, Паст Дарғом, Иштихон туманлари ҳамда Самарқанд шаҳри фуқароларидан ҳам мавжуд муаммолар юзасидан мурожаатлар билдирилди.
Тадбирда Эркинжон Турдимов 220 нафарга яқин фуқароларнинг соғлиқни сақлаш, ишга жойлашиш, уй-жой, йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви таъминоти ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга доир масалалари, таклиф ва мулоҳазаларини тинглади.
Ушбу мурожаатларнинг аксарияти тегишлилиги бўйича соҳа мутасаддилари иштирокида муҳокама қилиниб, шу ернинг ўзида ҳал этилди. Вақт талаб қиладиган мурожаатларнинг ижроси ҳокимлик назоратига олинди.
Шунингдек, қабул доирасида аҳолининг муайян қисми эҳтиёжларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга сайёр давлат хизматлари кўрсатилди. Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси масъуллари томонидан 30 нафарга яқин фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.