Вилоят Кенгаши сессиясида ташкилий масалалар кўрилди
Бугун бўлиб ўтган халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг тўққизинчи сессияда ташкилий масалалар ҳам кўрилди.
Хусусан, Раҳматуллаев Беҳзод Рахматуллаевич вилоят ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари лавозимига тасдиқланди.
2018 йилдан вилоят ҳокимлиги Ишлар бошқарувчиси лавозимида ишлаган Б.Рахматуллаев социолог ва иқтисодчи мутахассисликларига эга.
У 2002 йил Самарқанд давлат университети, 2007 йил Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти (иккинчи мутахассислик), 2009 йил Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти (магистратура), 2011 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.
Қайд этилишича, шу пайтгача вилоят ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари бўлиб келган Назаров Фарход Шарипович Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими бошлиғи вазифасида иш бошлаган.
Шунингдек, депутатлар Шамшиев Жамолиддин Эргашевични вилоят ҳокимлиги инжиниринг компанияси директори лавозимига тасдиқлашди.
2018 йилдан вилоят ҳокимлиги Молия бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган Ж.Шамшиев молия, пул муомаласи ва кредит мутахассислигига эга.
У 2003 йил Самарқанд кооператив институти, 2005 йил Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтини (магистр) тамомлаган.
Шу пайтгача вилоят ҳокимлиги инжиниринг компанияси директори лавозимида ишлаган Арзикулов Сахобиддин Жиянбоевич Олий Мажлис Сенати девонида иш бошлаган.
С.Арзикулов Сенат девонининг Давлат бюджети ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини таҳлил қилиш шўъбаси бош маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритмоқда.