Вилоят раҳбари Халқаро маслаҳат кенгаши аъзолари билан учрашди

Учрашувда Халқаро маслаҳат кенгаши аъзолари Самарқанднинг бой маданий мероси ва бағрикенглик муҳити ҳақида тўхталиб, бу шаҳар  сайёҳларни ўзига чорлаб келаётганини қайд этдилар.

- Самарқанднинг ҳар бир тоши, ҳар бир нақши шаҳарнинг бетакрор тарихи ҳақида сўзлайди. Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган Самарқанд турли миллат вакиллари тинчлик ва ҳамжиҳатликда яшайдиган масканга айланган. Сайёҳлар самарқандликларнинг меҳмондўстлиги ва самимийлиги ҳақида кўп гапирадилар ва айнан шу жиҳат уларни яна ва яна бу ерга қайтиб келишга ундайди, – деди меҳмонлар вилоят раҳбари билан учрашувда.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, туризм инфратузилмасини ривожлантириш  борасида  амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берди. Шунингдек, ҳудудда аҳоли ва меҳмонлар учун муносиб шароитлар яратиш йўлида кенг кўламли ишлар олиб борилаёганини таъкидлади.

Учрашувда туризм соҳасини янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди. Маслаҳат кенгаши аъзолари бу йўналишда ўз ёрдамларини таклиф қилдилар.

Адиз Бобоев илм-фан ва таълим соҳасидаги яқин ҳамкорликнинг муҳимлигини, шунингдек, Европа мамлакатлари тажрибасидан фойдаланиш Самарқандда нафақат туризм, балки иқтисодиётнинг бошқа йўналишларини ҳам ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга келишиб олдилар.