Вилоятда 1845 та спорт иншооти таъмирга муҳтож
Вилоятдаги спорт федерациялари фаолияти, ҳудудлардаги спорт иншоотларининг ҳолати ҳамда олимпия ва паралимпия спортчиларига яратилган шароитлар хусусидаги саволларга туризм ва спорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шуҳрат РЎЗИЕВдан жавоб олдик.
- Вилоятда 44 спорт тури бўйича федерациялар бор, - дейди Ш.Рўзиев. – Шунингдек, 12 та ассоциация, 4 та спортни ривожлантириш клуби, 3 та спортни ривожлантириш маркази, 2 та жисмоний тарбия ва спорт жамияти каби 65 та спорт ташкилоти фаолият юритмоқда.
2021 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан ўтказилган рейтингга кўра, вилоятда 7 та спорт тури қониқарли (дзюдо, эшкак эшиш, юнон-рум кураши, енгил атлетика, гимнастика, кураш ва самбо), 20 та спорт тури ўрта (бокс, баскетбол, сузиш, гандбол, эркин кураш, волейбол...), 5 та спорт тури паст (қиличбозлик, от спорти, спортнинг техник ва ўқ отиш, теннис ва регби) кўрсаткичли тоифага ажратилди.
Мутахассислар камлиги, спорт базалари ва жиҳозларининг етарли эмаслиги айрим спорт федерацияларининг рейтингига салбий таъсир қилмоқда. Мисол учун, спортнинг техник ва ўқ отиш спорт турлари билан вилоятда 20 дан ортиқ спортчи шуғулланади. Уларга эса бор-йўғи бир нафар мураббий машғулот ўтади. Бу белгиланган меъёрга нисбатан жуда паст.
Федерациялардаги бундай муаммоларни ҳал қилиш мақсадида спорт тўгараклари сонини кўпайтириш, танлов асосида малакали мутахассисларни жалб қилиш ҳамда замонавий жиҳозлар билан таъминлаш режалаштирилган.
Яна бир гап. Вилоятда 5654 та спорт иншооти мавжуд бўлиб, шундан 3809 тасининг ҳолати қониқарли, 1845 таси эса таъмирталаб ҳолатда. Мисол учун, Булунғурда 354 та спорт иншоотидан 121 таси, Пахтачида 302 та спорт иншоотидан 103 таси, Пайариқда 439 та спорт иншоотидан 143 таси таъмирга муҳтож.
Шу ўринда айтиш керакки, вилоятдаги таъмирталаб иншоотлар манзилли дастур асосида, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан босқичма-босқич таъмирланади. Жумладан, умумтаълим мактаблари, профессионал ва олий таълим муассасалари ҳамда академик лицейлардаги спорт тўгаракларида етарли шароитлар яратилиб, спорт жиҳозлари билан таъминланади.
2024 йил Париж Олимпия ўйинларига вилоятимиздан 9 та спорт тури бўйича 23 нафар спортчи, Паралимпия бўйича 4 нафар спортчи 2 та параспорт турлари бўйича номзод сифатида саралаб олинган.
Вилоятда Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш бўйича ҳудудий дастур ишлаб чиқилиб, спортчиларга тайёргарлик кўриши учун барча шароитлар яратилган. Жумладан, спортчиларга асосий ва ёрдамчи спорт базалари сифатида 34 та спорт иншооти бириктирилиб, машғулотлар олиб борилмоқда. Шунингдек, номзод спортчиларнинг муаммоларига ечим топиш мақсадида “Samarqand-Parij-24” телеграм гуруҳи ташкил қилинган. Ҳозирда мусобақаларга номзод сифатида саралаб олинган спортчилар Тошкент шаҳрида ўқув-йиғин машғулотларида иштирок этмоқда.
Бундан ташқари, спортчиларимиз жорий йилнинг 10-20 март кунлари Бангкок ва Чонбури шаҳарлари (Тайланд)да ёпиқ иншоотларидаги Осиё ўйинлари, 9-18 август кунлари Коня шаҳри (Туркия)да Ислом Бирдамлик ўйинлари, 10-25 сентябрь кунлари Ханчжоу шаҳри (Хитой)да ёзги Осиё ўйинлари, 10-28 декабрь кунлари Шантау шаҳри (Хитой)да ўсмирлар ўртасида ёзги Осиё ўйинларига ҳам тайёргарлик кўрмоқда.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ суҳбатлашди.