Вилоятдаги 21 та деҳқон бозорида 32 турдаги арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркаси ташкил этилди

“Темирйўл деҳқон бозори”да гўшт 62 минг сўмдан таклиф этилади(ми?)

Давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган йиғилишда саховат, меҳр-оқибат ва шукроналик рамзи бўлган ушбу муқаддас ойда ички бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқ берганди. Мазкур топшириқ ижроси юзасидан вилоятимиздаги марказий деҳқон бозорлари ва йирик савдо мажмуаларида арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари ташкил этилди.

Жумладан, “Темирйўл деҳқон бозори”да ҳам асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари - гўшт, тухум, ўсимлик ёғи, шакар, ун, гуруч, картошка, пиёз ва бошқа кундалик истеъмол товарлари бозордан 20-30 фоизгача арзон нархда аҳолига таклиф этилмоқда. Бозорда арзонлаштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари учун 13 та, озиқ-овқат маҳсулотлари учун 10 та, гўшт маҳсулотлари учун 7 та ва балиқ маҳсулотлари учун 13 та раста ажратилиб, харидорларга сифатли маҳсулотлар тақдим этилмоқда.

Мисол учун, ярмаркада гўшт ўртача 100 минг сўм, хориждан келтирилган ва музлатилган гўшт 75-80 минг сўмдан, картошка 5000 сўмдан шакар 12000 сўмдан сотилмоқда. Бу харидорларга қулайлик яратиб, муборак ойда нарх-наво барқарорлигини сақлашга хизмат қилади.

-  Давлатимиз раҳбарининг топширниғига асосан Рамазон ойида аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида бозорларда арзонлаштирилган ярмаркалар ташкил этиш топшириғи берилди, - дейди вилоят бозорлар ва савдо комплекслари уюшмаси раиси Аброр Ражабов. - Топшириқ асосида вилоятимиздаги 16 та шаҳар-туманларимизда 21 та марказий деҳқон бозорларида 32 турдаги арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркаси ташкил этилди. Нарх-наво барқарорлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқарувчилар ва фермер хўжаликларидан тўғридан-тўғри маҳсулотни келтириб, арзон нархларда сотиш йўлга қўйилди. Ушбу ярмаркаларда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари бозордагидан кўра ўртача 20 фоиз арзонлаштирилган нархларда сотилмоқда. Муборак ой арафасида аҳолига яна бир қулайлик яратиш учун “Темирйўл деҳқон бозори”да арзонлаштирилган гўшт маҳсулоти савдоси бошланди. Бу эса вилоятдаги энг арзон гўшт бўлиб, харидорларга килограмини 62 000 сўмдан таклиф этилади.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.