Вируснинг янги «ҳунар»лари чиқяпти
Тестлар тўғри чиқмаяпти, ковиднинг белгилари бўлмаса-да, тест натижаси мусбат экан, касалликнинг янги белгилари пайдо бўляпти…
Коронавирус пандемияси бошланганидан буён вирус ўз «айёр»лигини намойиш қилаётир ва инсон организмида турли белгилар, асоратлар қолдирмоқда. Шунинг учун бўлса керак, хасталик билан боғлиқ саволлар кўпаймоқда. Янги фасл бошланиши билан касаллик кечиши ўзгариши, вируснинг турли ёшдаги инсонларда ўзини қай тарзда намойиш этиши, аҳоли бу вазиятда қандай йўл тутиши юзасидан газетамиз орқали мутахассислар фикрларини бериб боряпмиз. Бу сафар юқоридаги каби саволлар яна кўпайгани сабаб вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази раҳбари Адҳам БАҲРОМОВга мурожаат қилдик.
- Куз фасли бошланиши билан вируснинг авж олгани сезилди. Бу вазиятда марказ ходимлари тестларни ўз вақтида текшириб бериши учун шароит етарлими?
- Куз-қиш мавсумида кўплаб инфекцион, вирусли хасталиклар авж олади, жумладан, коронавирус ҳам. Бу ҳақда мутахассислар олдиндан огоҳлантириб, аҳолини эҳтиёткор бўлишга чақириб келмоқда. Хусусан, зотилжам хасталиги ҳам айнан куз ойларида кўпаядиган хасталик. Қолаверса, зотилжамнинг ҳам ўнлаб турлари мавжуд. Тест масаласига келсак, албатта, эпидемиологик ва тиббий кўрсатмаси бор, аҳолидан ўз вақтида тест олиш ва натижаларини аниқлаш учун барча шароитларга эгамиз.
- Кейинги пайтларда коронавируснинг бошқа белгилари пайдо бўлаётгани тест натижаларига таъсир ўтказяптими?
- Албатта. Сабаби, тест фақатгина томоқ, нафас йўлларида вирус бўлсагина аниқлаб беради. Ваҳоланки, кейинги ойларда дунё бўйича мутахассисларнинг кузатувига кўра, вирус тананинг бошқа аъзоларига ҳам шикаст етказаётгани аниқланмоқда. Мисол учун, россиялик шифокорлар уларда ковид аҳолининг 30 фоизида ичак фаолиятининг бузилиши билан кечаётганини айтишди. Мамлакатимизда ҳам бу ҳолат кузатилмоқда. Айрим беморларни томоқ оғриғи, нафас йўлларида ҳеч қандай касаллик бўлмаса-да, ич кетиш, қайт қилиш каби симптомлар учрамоқда. Вақт ўтиши билан ҳид ва таъм сезмаслиги мумкин. Бу ҳолатда бемор тест топширса-да, унда коронавирус аниқланмайди. Сабаби, тест фақатгина нафас йўлларидаги вирусни аниқлашга мўлжалланган.
- Демак, вирус нафақат ўпка, балки организмнинг бошқа аъзоларини ҳам зарарлаши ва уни белгиларга қараб ўз вақтида аниқлаш мумкин, шундайми?
- Ушбу вируснинг қанчалик «айёрлиги» ҳақида кўп гапиряпмиз. Афсуски, бунга аҳолида ҳам, кези келганда тиббиёт ходимларида ҳам ишончсизлик ҳолатлари бўлди. У кундан-кунга ўз қиёфасини ўзгартиряпти, дунё олимлари қатори мамлакатимизда вируснинг кечиши билан боғлиқ ҳолатлар доимий равишда ўрганиб борилмоқда. Шунинг учун даволаш стандартлари тез-тез ўзгаряпти, унга қўшимчалар киритиб борилмоқда. У марказий нерв тизимига, қолаверса, инсон организмнинг турли аъзоларига ўз таъсирини кўрсатяпти. Шунинг учун сурункали хасталиклари бор инсонлар ўзини эҳтиёт қилиши лозим. У ёки бу хасталикдан даволанган кишилар ҳам соғликларига эътиборли бўлишлари зарур. Муҳими, соғлом овқатланиш, жисмоний ҳаракатларни ўз вақтида амалга ошириш касалликни енгишнинг асосий омилидир.
- Кейинги пайтларда қайси туманларда касаллик кўпроқ қайд этиляпти?
- Касаллик қайд этилиши ҳолатлари барча ҳудудларда кузатилмоқда. Аммо кўпроқ Каттақўрғон, Паст Дарғом, Пайариқ, Ургут туманларида қайд этилаяпти.
- Касалликни симптомсиз ўтказаётган инсонлар ҳақида нима дейсиз?
- Симптомсиз ҳолатда кишида вирус аниқланса, бу инсон атрофдагилар билан яқин мулоқотда бўлмасликка ҳаракат қилиши лозим. Аммо бундай инсонларни бемор деб ҳисоблаш нотўғри. Касаллик белгилари бўлмагач, унга потенциал касал сифатида қараш имкони йўқ. Умуман, тестни, иложи бўлса, ўзида касаллик белгилари бўлган кишилар топшириши мақсадга мувофиқ.
Бир неча ойдан буён айтиб келинаётган, пандемия ҳолатидан келиб чиққан ҳолда шаклланган қоидалар ҳозир ҳам муҳим. Тўғри, карантин қоидалари юмшатилди, тўйларга рухсат берилди. Аммо бу дегани қайси даврага борманг, танишларингиз билан қўл бериб, қучоқлашиб кўришиш мумкин, дегани эмас. Айниқса, тўйларда аёллар ўпишиб кўришишлари билан ўз соғлиқларини жиддий хатарга қўйяпти. Истаймизми, йўқми, қоидаларга риоя қилмас эканмиз, касаллик кўпаяди. Соғлиғингизни асраш, ҳимоялаш, аввало ўзингизга боғлиқлигини унутманг.
Гулруҳ МЎМИНОВА суҳбатлашди.