Вояга етмаган қандай ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга?
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида ота-она ҳамда вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилган. Унга кўра, ҳар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, уларнинг ғамхўрлигидан фойдаланиш, улар билан бирга яшаш ҳуқуқига эга, бола манфаатларига зид бўлган ҳолатлар бундан мустасно.
* Бола ўз ота-онаси томонидан тарбияланиши, ўз манфаатлари таъминланиши, ҳар тарафлама камол топиши, инсоний қадр-қимматлари ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга.
* Боланинг ота-онаси бўлмаганда ёки улар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда ва бола ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бошқа ҳолларда унинг оилада тарбияланиш ҳуқуқи васийлик ва ҳомийлик органи томонидан таъминланади.
* Бола отаси, онаси, бобоси, бувиси, ака-укалари, опа-сингиллари ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-онасининг никоҳдан ажралиши, никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилиши ёки ота-онанинг бошқа-бошқа яшаши боланинг ҳуқуқларига таъсир қилмайди.
* Ота ва она алоҳида яшаган ҳолда бола уларнинг ҳар бири билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-она турли давлатларда яшагани тақдирда ҳам бола улар билан кўришиш ҳуқуқига эга.
* Фавқулодда вазиятларга тушиб қолган бола (ушлаб туриш, қамоққа олиш, ҳибсга олиш, даволаш муассасасида бўлиш ва бошқа ҳолларда) ўз ота-онаси ва бошқа қариндошлари билан қонунда белгиланган тартибда кўришиш ҳуқуқига эга.
* Бола ўз ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
Боланинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар), ушбу кодексда назарда тутилган ҳолларда эса васийлик ва ҳомийлик органи, прокурор ва суд томонидан амалга оширилади.
Вояга етмаган бола қонунга мувофиқ тўла муомала лаёқатига эга деб эътироф этилса, у ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шу жумладан, ҳимоя ҳуқуқини мустақил амалга оширишга ҳақлидир.
* Бола ота-она (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) томонидан қилинадиган суиистеъмолликлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
* Боланинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилганда, шу жумладан, ота-она (улардан бири) болани тарбиялаш ва таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаганда ёхуд ота-оналик ҳуқуқларини суиистеъмол қилганда бола ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб, васийлик ва ҳомийлик органига, ўн тўрт ёшга тўлгандан кейин эса мустақил равишда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
* Боланинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилганлигидан, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилганлигидан хабардор бўлган шахслар бу ҳақда бола айни пайтда яшаб турган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органига маълум қилиши шарт. Шундай маълумотларни олгач, васийлик ва ҳомийлик органи боланинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан зарур чоралар кўриши зарур.
* Оилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда бола ўз фикрини ифода қилишга, шунингдек ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида сўзлашга ҳақлидир.
Т.Усмонов,
фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раиси.