Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашидаги ЎзМТДП депутатларнинг партия гуруҳига раҳбар сайланди
Бугун, 10 январь куни Самарқанд вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайланган депутатларнинг партия гуруҳини таъсис этиш масаласига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишни партия вилоят кенгаши раиси ўринбосари Азимжон Солиев кириш сўзи билан очиб, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайланган 14 нафар депутатни сайловларда эришган муваффақияти билан табриклади ҳамда уларнинг олдида турган муҳим вазифаларга тўхталиб ўтди.
Йиғилишда юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг ролини ошириш бўйича қилинаётган ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайланган 14 нафар депутатларнинг 6 нафари хотин-қизлар эканлиги мамнуният билан қайд этилди.
- Депутатлик - улкан масъулият, - деди Азимжон Солиев. - Демократик тамойиллар асосида ўтган сайловларда партиямиз ғояларига ва сизнинг дастурингизга ишониб, сайловчилар номзодларингизни қўллаб-қувватлади ҳамда депутатликка муносиб топди. Шундай экан, сизга юксак ишонч билдирган аҳолининг ишончини оқлаш, партиямизнинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросини тўла таъминлаш, мамлакатимизда кечаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда жонбозлик кўрсатиб меҳнат қилишингиз лозим.
Шундан сўнг кун тартибидаги масалага ўтилди ва йиғилиш иштирокчилари халқ депутатлари вилоят Кенгашида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида партия гуруҳини таъсис этиш масаласини кўриб чиқишди. Халқ депутатлари вилоят Кенгашида таъсис этилган партия гуруҳи раҳбари вазифасига Самарқанд вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси, 6–Меҳробод сайлов округидан сайланган депутат Суҳроб Рафиқов номзоди тавсия этилди ҳамда бир овоздан маъқулланди.
Йиғилиш якунида депутатлик гуруҳининг “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилиниб, депутатларнинг бу борадаги таклифлари, фикр-мулоҳазалари эшитилди.
ЎзМТДП Самарқанд вилояти кенгаши матбуот хизмати.