Халқ таълими вазири жамғармасидан кимлар устама олиши мумкин?

Жорий ўқув йилидан илғор педагог кадрларга Халқ таълими вазири жамғармасидан устама бериш йўлга қўйилмоқда. Хўш, бундай устама кимларга берилади?

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги “Халқ таълими вазири жамғармаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ халқ таълими тизимида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ва ўқувчилари юқори натижаларга эришган малакали педагог кадрларнинг меҳнатини рағбатлантириш кўзда тутилмоқда. Қарорга кўра, республика бўйича энг илғор 2000 нафар ўқитувчига 9 ой давомида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5,5 баробарида устама тўлаб берилади.

Устама олиш учун халқ таълимини ислоҳ қилиш бўйича ҳудудий кенгашлар томонидан бешта йўналиш бўйича (бошланғич таълим, ижтимоий фанлар, хорижий тил фанлари, аниқ ва табиий фанлар, амалий фанлар педагоглари) номзодлар тақдим этилади.

Бунда туман (шаҳар) халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича ҳудудий кенгашлар томонидан бериладиган номзод касбий маҳорати юқори бўлиши талаб этилади. Шунингдек, 2021-2022 ўқув йили натижасига кўра, мактаб бошланғич синф ўқувчиларининг Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонлари натижаси бўйича юқори кўрсаткичга эга бўлиши лозим. Бундан ташқари, 2021-2022 ўқув йили натижасига кўра, педагог ўқитган мактаб битирувчиларининг ДТМ тест натижаси бўйича юқори кўрсаткичга эга бўлиши талаб этилади.

Саралаб олинган номзодлар ўртасида Халқ таълими вазирлиги томонидан  биринчи босқичда  тест олинади, тест натижаларига кўра, ўзлаштириш 80 фоиздан паст бўлмаган ўқитувчилар билан иккинчи босқичда суҳбат ўтказилади.

Кеча, 16 декабрдан барча ҳудудларда Давлат тест маркази томонидан номзодларнинг дарс берадиган умумтаълим фани бўйича билим даражасини баҳолаш учун тест синовлари бошланди. Вилоят бўйича туман(шаҳар) халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича ҳудудий Кенгашлар томонидан кўрсатилган 418 нафар номзод тест синовларида иштирок этмоқда. Улар орасидан 80 баллдан юқори кўрсаткични қайд этган педагог ходимлар Халқ таълими вазири устамаси учун ўтказиладиган имтиҳонларнинг иккинчи босқичида иштирок этади. Иккинчи босқичдан энг юқори балл тўплаган малакали педагог кадрларга ҳар ойлик устама тўланади.

Саволга вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Бахтигул Қаршиева жавоб берди.