Халқ таълими вазири мактаб битирувчиларига мурожаат қилди
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мактабни битираётган ёшларга мурожаат қилди:
Ҳурматли мактаб битирувчилари!
Сиз ҳаётингизда энг муҳим қадамларни бошлаш арафасидасиз. Шу вақтгача қадрдон мактабдаги устозларингиз ва дўстларингиз билан ўтказган кундалик турмуш тарзингиз ўрнига янги ҳаёт, ажойиб тассуротлар ва тажрибалар оламига сафарингиз бошланмоқда.
Ҳозирда кўпчилигингиз асосий вақтингизни олий таълим муассасаларига кириш учун тайёргарликка қаратмоқдасиз. Сизлар учун яқинда «Онлайн-мактаб» каналларимизда Давлат тест маркази билан ҳамкорликда тест топширишга тайёргарлик ва ўзига хос онлайн-репетиторлик сабоқларини бошлаймиз.
Орангизда ишга кириб ёки тадбиркорлик фаолиятини бошлаб, рўзғорга ўз ҳиссасини қўшиш ҳаракатида юрганлар ҳам талайгина. Улар қўшимча касб ўрганиш учун касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларга ўқишга ҳам бориши мумкин.
Ёшларимизга қўшимча ёрдам сифатида ёзда «онлайн-мактаб» каналларида инглиз тилини ўрганиш учун қизиқарли фильмлар ва кўрсатувларни ҳамда онлайн платформалар орқали даромад топишни ўргатишга қаратилган видеодарсларни эфирга бериб бориш устида ишлаяпмиз.
Инсон муваффақиятининг кўпи билан 10 фоизи омадга ва ташқи омилларга, қолган 90 фоизи эса айнан ўзига боғлиқ эканлиги учун юқори мақсадлар қўйиб, ўз кучингизга ишониб, тинмай ҳаракат қилишингиз зарур!
Энг асосийси, вақтингизни беҳуда ўтказманг! Вақт - ҳаётингиздаги энг қимматбаҳо ресурс ҳисобланади. Вақтингизни доим ўзингиз, оилангиз ва жамиятга фойда келтириш учун сарф қилинг ҳамда мамлакатимиз нуфузини оширишга ўз ҳиссангизни қўшинг!
Мустақил ҳаётга қадам қўйишни бошлар экансиз, сизнинг келгуси фаолиятингизга муваффақиятлар тилайман!