Хато қилмаслик эмас, ёрдам кўрсатиш муҳим

Бунинг учун "Масс-медиа" аъзоларининг ҳуқуқий билим ва кўникмаси етарли бўлиши керак.

Самарқанд шаҳрида "Масс-медиа" фонди ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори ҳамкорлигида журналист ва блогерлар учун тренинг бўлиб ўтди.

“Журналист ва блогерларнинг ҳуқуқий ва медиа-ахборот саводхонлиги соҳасидаги салоҳиятини ошириш” мавзусидаги тренингда сўз ва ОАВ эркинлиги, журналист ва блогерларнинг ҳуқуқ ва бурчлари, мажбуриятлари, ахборотдан эркин фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари ҳамда медиа-ахборот саводхонлиги масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

- ОАВ вакиллари, журналист ва блогерларнинг асосий вазифаси оммага тўғри, холис ва ишончли ахборот етказиш, - дейди медиа-юрист Мадина Турсунова. – Кейинги пайтда бу соҳа вакиллари орасида муайян бир ҳолат, шахс ёки ташкилот ҳақида асосланмаган маълумотларни тарғиб қилганлиги сабабли жавобгарликка тортилиш ҳолатлари учрамоқда. Албатта, улар фикрлаши, мулоҳазаси ёки муаммони кўрсатиш билан эмас, балки жараёнга тўғри баҳо беролмаслиги натижасида бундай ҳолатлар кузатиляпти. Қонунни билмаслик жазодан озод этилишига сабаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам журналист ва блогерларнинг ҳуқуқий ва медиа саводхонлигини ошириш мақсадида бундай тренингларни вилоятлар кесимида ўтказяпмиз ва фаолияти давомида дуч келиши мумкин бўлган ҳолатлар бўйича батафсил тушунча беряпмиз.

Тренинг давомида журналист ва блогерлар сўз ва ахборот эркинлиги ҳуқуқидан тўғри фойдаланиш, очиқ, шахсий ва махфий маълумотларни олиш ҳамда тарқатиш хусусида фикр алмашди ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.