Хитой ҳақида етти афсона
Авваламбор шуни қайд этиш керакки, ҳаётда мўъжиза деган сўзнинг ўзи ғоят нисбий тушунча ҳисобланади ва ғайритабиий ҳолатни ифодалайди. Хитойда эса ҳеч қандай ғайритабиий ҳодиса рўй берган эмас. Шунчаки, мамлакат раҳбарлари ХХ аср иккинчи ярмида жаҳон миқёсида вужудга келган геосиёсий, иқтисодий ва ижтимоий вазиятдан ўта моҳирона равишда фойдаланишди.
Иккинчи афсона: “Дэн Сяо Пин – буюк иқтисодчи ва ислоҳотчи”.
Кейинги юз йилликда иқтисодиёт илми соҳаси бўйича ўнлаб олимлар Нобель мукофотига сазовор бўлишган. Аммо, уларнинг рўйхатида жаноб Дэннинг номи йўқ. Хитойлик бу буюк ислоҳотчини кўпроқ буюк ўрганувчи деб номласак, ҳақиқатга яқинроқ бўлар эди. Чунки ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, Хитой атрофидаги Гонгконг, Макао, Жанубий Корея, Тайвань, Сингапур сингари ёндош қўшнилар тараққиётнинг юксак чўққиларига чиқиб олишди. Шубҳасиз, уларнинг ютуғида эркинлик ва меҳнатсеварлик ҳал қилувчи аҳамият касб этгани рост, аммо ушбу муваффақиятларни илғор ғарб технологияларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу маънода, Дэн Сяо Пин уларга тақлид қилиб, арзон ишчи кучи сероб бўлган Хитой эшикларини ғарб капиталистларига кенг очиб қўйди. Бунинг устига, АҚШ маъмурларининг СССР империясини Хитой империяси ёрдамида заифлаштиришга уринишлари ҳам айни муддао бўлди. Шу маънода, Хитой қудрати собиқ иттифоқ мурдаси устида бунёд этилган десак хато бўлмайди. Чунки қудратли рақиб – СССРни заифлаштириш истаги бўлмаганида, ғарб Хитойга замонавий технологияларни ҳеч қачон бермас эди.
Учинчи афсона: “Хитой – дунёдаги энг бой мамалакатлардан бири”.
Дарҳақиқат, юқорида айтганимиздек, Хитой ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) миқдори бўйича дунёдаги фахрли иккинчи ўринга чиқди. Бироқ ушбу миқдорни аҳоли жон бошига тақсимлайдиган бўлсак, вазият тамоман ўзгаради. Халқаро валюта жамғармасининг охирги рейтинги бўйича ялпи ички маҳсулот миқдори аҳоли жон бошига тақсимланганда, Хитой юксак иккинчи ўриндан камтарона 70-ўринга тушиб кетади ва ҳар бир кишига йилда ўртача 8 минг 113 АҚШ долларига тенглашиб қолади. ҳолбуки, ушбу миқдор рўйхатда биринчи ўринда турган миттигина Люксембург давлатида 103 минг 199 доллар миқдорни ташкил этади. Агар Хитойда миллионерлар ва миллиардерлар сони ниҳоятда кўп эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, у ерда қашшоқ ва йўқсиллар сони ҳали кўп эканлиги аён бўлади.
Тўртинчи афсона: “Хитой – социалистик давлат”.
Бу борада ҳам баҳслашишга тўғри келади. Чунки ҳозир Хитойда социализмнинг фақат номигина қолган , холос. Коммунистик партия ҳам йўқсил пролетариатлардан кўра янги сармоядорларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи фирқага айланиб қолган. Иқтисодиётда эса коммунистик идеаллардан кўра кўпроқ хусусий мулкчиликка қаратилган сиёсат юргизилмоқда. Бунақа социализмни кўриб, Маркс, Энгельс, Ленин гўрларида тик турган бўлса ажаб эмас. Аммо Мао Цзе Дун ҳақида бир нима дейиш қийин. Чунки Маони коммунист эмас, кўпроқ империячи диктатор сифатида танишади. Хитой тараққиётини кўриб, унинг арвоҳи беҳад шод бўлаётгани аниқ.
Бешинчи афсона: “Хитой – сифатсиз маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи мамлакат”.
Ислоҳотлар бошланган дастлабки йилларда, ҳақиқатан ҳам Хитой ўзининг сифатсиз товарлари билан дунё бозорларини тўлдириб ташлади. Аммо ушбу маҳсулотларнинг битта ижобий хусусияти бор эди. Улар ниҳоятда арзон бўлиб, халқ анчайин қашшоқ яшайдиган мамлакатларда харидорини тез топарди. Шундай қилиб, Хитойда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ғоят рақобатбардош эканлигини намойиш қилди. Сабаби: юқорида айтганимиздек, хомашё ресурсларининг сероблиги ва арзон ишчи кучи товарлар таннархини арзонлаштирарди. Эндиликда вазият кескин ўзгарди. Айтайлик, 2004 йилда “Кипо” радиоприёмниги Ургут бозорида 3 АҚШ долларига нархланган бўлса, 2018 йилда сўм эквивалентида 7 долларга сотилмоқда. Шу билан бирга Хитойда ҳозир замонавий компьютерлар ва ҳар турли мураккаб радиоэлектроника маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ҳам яхшигина ўзлаштириб олишди. Уларнинг сифати АҚШ ёки Европада ясалган турдошлариники сингари қойилмақом бўлмаса-да, ҳар ҳолда ёмон деб ҳам бўлмайди.
Олтинчи афсона: “Хитойликлар оиласида фақат битта фарзанд кўришга рухсат берилган”.
Гарчанд, “битта оила – битта фарзанд” тамойили узоқ йиллар давомида жорий этиб келинган бўлса-да, хитойликлар унга жудаям изчил риоя қилишмаган. Иккинчи ёки учинчи фарзандларни яширинча сақлашга уринишган. Биринчиси қиз бола бўлган оилаларга эса давлатнинг ўзи иккинчи фарзандга ҳам рухсат берган. Кейинги йилларда ҳукумат яна кўпроқ бола кўришга ундамоқда. Нега десангиз, йилдан йилга ривожланиб бораётган Хитой экономикаси кўплаб янги ишчи қўлларини талаб этмоқда. У ерда ҳозирги даврда халқ кексайиб, кутилмаган демографик муаммолар юзага келмоқда. Бундан ташвишланган Хитой маъмурлари муқаддам жорий этилган кўпболалик жаримасини бекор қилишди. қизиғи шундаки, кичик оила мазасини олган фуқаролар энди ўзлари кўп фарзанд кўришни исташмаяпти экан.
Еттинчи афсона: “Хитойда пенсия йўқ”.
Ушбу афсонанинг пайдо бўлишига, аслида, хитой халқ менталитетидаги оилавий муносабатлар сабабчи бўлган дейиш мумкин. Бундан унумли фойдаланган Хитой маъмурлари бир вақтлар кексалар ҳақида ғамхўрлик қилишни тамоман фарзандлар зиммасига юклаб қўйишган эди. Ушбу ҳолат “маданий инқилоб” йилларида айниқса кучайиб, мамлакатда пенсионерлар деярли бўлмаган. Дэн Сяо Пин ислоҳотларидан кейин ҳам бу борада деярли катта ўзгаришлар бўлмаган эди. Масалан, 1990 йилга келиб хитойлик кексаларнинг атиги 5,4 фоизигина пенсия ола бошлади. Кейинчалик, 1995 йилдан бошлаб пенсия суғурта фонди шакллантирилиб, жамғарманинг йиғим- тақсимот механизми ишга туширилди. Натижада, 2010 йилга келиб, пенсионерлар миқдори 20 фоизга етди. 2016 йилда қарияларнинг 43,2 фоизи пенсия билан таъминланадиган бўлди. ҳозирги пайтда, бу миқдор 66 фоизни ташкил этмоқда. Тўғри, пенсиялар миқдори унчалик катта эмас. Айтайлик, қишлоқдаги коммуналарда ишлаб пенсияга чиққан деҳқон бор-йўғи 125 юань миқдорда нафақа олади. Бу тахминан 20 АҚШ долларига тўғри келади. Халқ хўжалигида ва завод-фабрикаларда узоқ йиллар меҳнат қилган айрим давлат хизматчилари эса 1000 дан 10000 юангача пенсия олишлари мумкин. Хитойдаги жорий нарх-наволар билан солиштирганда бу катта пул ҳисобланади.
Бироқ кейинги пайтларда кутилмаган мушкулликлар пайдо бўлмоқда экан. Юқорида айтиб ўтганимиздек, камфарзандлик оқибатида, пенсия олмайдиган ота-оналар учун ғамхўрлик қилиш якка фарзандлар зиммасига тушмоқда. Агар оилада бобо ва буви ҳам бўлса, вазият яна-да оғирлашади. Мамлакат миқиёсида оладиган бўлсак ҳам, пенсионерлар сонининг ишчи ва хизматчилар миқдоридан ортиб кетгани иқтисодий-ижтимоий муаммоларни пайдо қилмоқда. Шу маънода, Хитой маъмурларининг иккинчи ва ҳатта учинчи бола кўришга рухсат беришлари инсонпарварликдан кўра кўпроқ иқтисодий заруратга ўхшайди.
Худойберди КОМИЛОВ
“Зарафшон”нинг сиёсий шарҳловчиси.