Хитой Тайванга 20 та самолёт учирди

Минтақадаги кенг кўламли машғулотлар фонида Хитой Тайвань томон 20 та самолёт жўнатди, деб хабар бермоқда Ғарб ОАВлари.

Хусусан, Пекин ва Тайбей назорати остидаги зоналарни ажратиб турувчи Тайвань бўғозидаги чизиқни 14 та самолёт кесиб ўтди. Ўз навбатида, ХХР авиациясини оролга кейинги яқинлашишига йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантириш сифатида Тайвандан ҳам қирувчи самолётлар кўтарилди.

Тайвань мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Тайвань атрофида 14 та Хитой кемаси фаол бўлган.

Аввалроқ Тайвань ҳукумати Хитой Халқ Озодлик Армияси (ПЛА) машғулотларига жавобан денгиз ва ҳаво патрулларини ташкил қилиб, қуруқликдаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини жойлаштирган эди.

АҚШ Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелосининг шу ҳафта оролга қилган ташрифига жавобан ПЛА Тайвань атрофидаги олтита ҳудудда 4-7 август кунлари жанговар ҳарбий машғулотлар ўтказмоқда, бу эса Пекин томонидан мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлик ҳуқуқларини қўпол равишда бузиш сифатида тавсифланган. Машғулотлар давомида Тайвань устидан баллистик ракеталар учирилган.

Эслатиб ўтамиз: Тайвань можароси 1949 йилда Хитой Халқ Республикаси эълон қилинган ва Хитой Гоминдан партиясининг бир қисми Тайвань оролига жойлашиб, оролга Тайвандаги Хитой Республикаси деб ном берилганда бошланган. Пекин Тайвань масаласида ХХР ва Хитой Республикасини бир вақтда тан олиш мумкин бўлмаган “ягона Хитой тамойили”ни талаб қилмоқда.