Хитойлик мутахассислар Самарқандда туризм, маданий меросни асраш ва бу борадаги таълим имконияти билан қизиқди

Хитой Халқ Республикасининг хорижий тиллардаги адабиётларни нашр этиш ва тарқатиш бошқармаси раҳбари Ду Чжаньюань ҳамда ушбу бошқарма ҳузуридаги Европа ва Осиёга адабиёт-хабар тарқатиш маркази - «Жэньминь Хуабао» нашриёти директори Цзян Юнган бошчилигидаги делегация Самарқанд шаҳрига келди.

Делегация аъзолари дастлаб Самарқанд туризм академиясида бўлиб, бу ерда туризм соҳасида кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари ва техникумлар талабаларининг амалиёт ўтаётгани, сайёҳларга турли хизматлар кўрсатилиш жараёнлари билан танишди.

Шундан сўнг “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида бўлиб, университет ректори - Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов билан таълим муассасасининг сайёҳлик соҳаси учун кадрлар тайёрлаш имкониятлари ҳақида суҳбатлашди, олийгоҳда туризм ва маданий меросни ривожлаштириш ва асраш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Ду Чжаньюань ҳамда Азиз Абдуҳакимов Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларининг тобора кенгаяётганини эътироф этди.

Шунингдек, учрашув давомида Цзян Юнган ўзи раҳбарлик қилаётган «Жэньминь Хуабао» нашриёти ҳақида маълумот берди.

- Хитойда ҳам Самарқанд шаҳри каби қадимий шаҳарлар кўп, - деди у. - Бу кўҳна масканларда эса сайёҳларни ўзига чорловчи тарихий обидалар, умуман, маданий мерос объектлари талай. Уларни дунё афкор оммасига етказиш учун, албатта, замонавий медиа манбаларидан фойдаланиш керак. Бунинг учун тезкор, долзарб расмий хабар ва ахборотларни видео контент шаклида тайёрлаш ва ўзаро алмашиш, материалларни ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифалар ва каналлар орқали тарқатишда ҳамкорлик қилишга эътибор қаратиш зарур.

Учрашув якунида А.Абдуҳакимов ва Ду Чжаньюань ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича келишиб олди.