Хўжақишлоқдаги электр муаммосига ечим топилди
Тойлоқ тумани Хўжақишлоқ маҳалласи аҳолиси томонидан электр таъминотини яхшилаш бўйича қилинган мурожаат депутат томонидан жойига чиқиб ўрганилди.
Муаммо халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Насиба Мўминова томонидан депутатлик назоратига олиниб, доимий комиссия муҳокамасига ҳамда туман Кенгаши сессияси кун тартибига киритилди. Натижада аҳолини қийнаб келаётган масала юзасидан аниқ қарор қабул қилиниб, маҳаллага зарур электр ускуналарини етказиб бериш чоралари кўрилди. Депутат ташаббуси билан сайлов округидаги Хўжақишлоқ маҳалласига қуввати 100 кВт бўлган янги трансформатор олиб келиниб, ўрнатилди.
Мазкур трансформатор Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори ижросини таъминлаш мақсадида туман Кенгаши сессияси қарори билан орттирилган маблағлар ҳисобидан харид қилинди ва маҳаллага етказиб берилди.
Эътиборли жиҳати, ушбу хайрли иш маҳалла фаолларини ҳам руҳлантирди. Улар ташаббуси билан яна қуввати 160 кВА бўлган янги трансформатор олиб келиниб, электр тармоғини янада мустаҳкамлаш ишлари бошлаб юборилди.