Хонадондаги ёнғинда 16 ёшли қизнинг куйган жасади топилди
Кеча, 20 декабрь куни соат 5:20 да Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани, Обод МФЙ, Бўстон кўчасида жойлашган 36-уйда ёнғин бўлаётганлиги ҳақида ёнғин-қутқарув қисмига хабар келиб тушган.
Воқеа жойига 2 та ёнғин ўчириш бўлинмалари жалб этилган. Бўлинмалар чақирилган манзилга 10 дақиқада етиб борган вақтда яшаш уйининг ички ва том қисми очиқ аланга билан ёнаётганлиги маълум бўлган. Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 05:33 да қуршаб олинган ва соат 06:00 да тўлиқ бартараф этилган.
Ёнғин оқибатида яшаш уйининг 45 квадрат метр майдонида томи, шифти ва ички жиҳозлари ёниб зарарланган. Ачинарлиси, ёнғинни ўчириш вақтида уй бекасининг набираси - 2003 йилда туғилган фуқаро А.С.нинг куйган ҳолдаги жасади топилган.
Ёнғинга қўлбола иситиш печини ёқиб, назоратсиз қолдирилгани сабаби тахмин қилинмоқда.
ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси хабарига кўра, ёнғин ҳолати юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.