Хонадонларда қўлювгич бўлмаса, бирламчи тиббиёт тарғиботи самарасиз

Кейинги йилларда тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар натижасида вилоятимиздаги 357 та қишлоқ врачлик пункти мақбуллаштирилиб, улар негизида 127 та қишлоқ врачлик пункти, 43 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, 64 та тез ёрдам шохобчаси, 101 та шифокор учун уй-жойлар ташкил этилди. 22 та самарасиз фаолият кўрсатаётган қишлоқ врачлик пунктлари тугатилди. Янги ташкил этилган қишлоқ оилавий поликлиникаларида аҳолига 5 йўналиш бўйича тор соҳа шифокорлари томонидан тиббий хизмат кўрсатилмоқда.
Хўш, ушбу тиббий хизматлардан аҳоли розими, нега сайёр қабулларда, аҳоли билан юзма-юз мулоқотларда тиббиёт тизими билан боғлиқ саволлар ҳамон кўп? Тиббиётга ажратилаётган маблағ ўзини қоплаяптими, яъни касалликлар камаяяптими?
Беморлар рози, мушуклар ҳам…
Нуробод туман тиббиёт бирлашмасининг Сазағон ҳудудий бўлими биноси бундан икки йил аввал реконструкция қилиниб, замонавий тиббий асбоб-ускуналари билан таъминланган. Бу ерда амбулатория, 10 ўринли туғруқ бўлими, ҳар бири 5 ўринга мўлжалланган терапия ва болалар бўлимлари фаолият кўрсатмоқда.
Сазағон, Сарой ва Тепақул маҳаллаларининг 10 минг нафардан кўпроқ аҳолисига хизмат кўрсатадиган бу тиббиёт муассасасида 6 нафар шифокор, 28 нафар ўрта тиббиёт ходимлари ишлаб келмоқда.
Биз бўлимга кириб борганимизда соат 16:30 бўлган эди. Шифокор ва ҳамширалар навбатчилиги йўлга қўйилганига гувоҳ бўлдик. Шифохонадаги шароитлардан беморлар мамнун. Ҳудуд аҳолиси билан суҳбатлашганимизда умумий амалиёт шифокорлари ва патронаж ҳамширалар хизматидан рози эканликларини айтишди. Бу яхши. Аммо шифохонада айрим камчиликлар ҳам бор экан. Жумладан, бино ташқаридан қараганда ижобий таассурот қолдирса-да, ичкарида аҳвол ҳаминқадар, ичимлик суви муаммоси мавжуд. Бўлим ҳовлисидаги сув иншооти ишдан чиққан. Сувни шифохонанинг кичик тиббиёт ходимлари булоқдан ташиб келтираётганига гувоҳ бўлдик. Бўлим ошхонаси эса антисанитария ҳолатида. Ошхонада мушук ва унинг болалари бемалол сайр қилиб юргани бунинг исботидир.
Сазағондан чиқиб Самарқанд туманидаги “Меҳробод” қишлоқ врачлик пунктига йўл олдик. Бу пайт қуёш ботиб, қоронғу туша бошлаган эди. Пунктга кириб борганимизда соат миллари 19:09 ни кўрсатиб турган эди. Бизни тез тиббий ёрдам шохобчаси ходимлари кутиб олди. Қишлоқ врачлик пунктида навбатчи шифокор ва ҳамширани тополмадик. Соғлиқни сақлаш тизими вакилларининг ушбу тиббиёт муассасаларида аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш муддати кеч соат 20.00 га қадар узайтирилгани ҳақидаги доимий маълумотлари ушбу муассасага алоқадор эмасмикан, деган савол туғилади.
Мойбулоқдаги туғруқхона иш бошлармикан?
Яқинда ижтимоий тармоқларда Каттақўрғон тумани, Мойбулоқ ҳудудида фаолият кўрсатиб келаётган туғруқ бўлими ишламай қолганлиги туфайли оналар уйда туғяпти, деган хабарлар тарқалганди. Мазкур ҳолат бўйича «Каттақўрғон ҳақиқати» газетасида таҳлилий мақола чоп этилди ва унда қайд этилишича, аҳолиси тарқоқ жойлашган, айрим қишлоқлари Қўшработ, Иштихон, Хатирчи туманларига туташ бўлган ушбу ҳудудда 1997 йилдан бошлаб, туғруқ бўлими мослаштирилган бинода фаолият кўрсатиб келган, аммо олти ойдан бери ишламаётган экан. Журналистнинг ёзишича, туғруқхона мажмуаси талабларига жавоб бермайдиган, иситиш, совутиш тизими, канализация тармоқлари ишламайдиган ушбу муассаса аслида сел ва кўчкилар содир бўлганда, туман марказига бориш имкони бўлмаган пайти туғруқни амалга ошириш учун мўлжалланган экан. Аммо аҳоли бу ерда битта замонавий туғруқхона ишлаб туриши тарафдори. Бу ҳам ечимини кутаётган масалалардан биридир. Бир йилда Мойбулоқнинг ўзидан туман марказида 400 нафардан кўпроқ оналарнинг бу шарафга эга бўлиши ҳақидаги рақам ҳам бу таклифни маъқуллаб турибди.
Янги ҚВП нега нураяпти?
Жомбой туманида мавжуд имкониятлардан етарлича фойдаланилмаганлиги туфайли Наймантепа қишлоқ врачлик пункти шарт-шароит етарли бўлмаган хоналарда фаолият кўрсатмоқда. Тумандаги Ногаҳон қишлоқ врачлик пункти 2018 йилнинг ноябрь ойида фойдаланишга тоширилган бўлса-да, ҳудуд атрофида лойиҳа-қурилиш ишлари охирига қадар етказилмаган. Қурилганига бир йил тўлмай, бино фасади, хоналарнинг ички қисми нурай бошлаган. Ҳудуддаги Чалақўрғон врачлик пункти ўз фаолиятини тугатган. Ушбу муассаса ўрнида бугун шифокор уйи ташкил этилган. Аммо ҳудудда икки мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Географик жойлашувига кўра, кўп тармоқли марказий поликлиникадан узоқ. Шундан келиб чиқиб, бу ерда марказий поликлиника филиали ёки қишлоқ врачлик пункти ташкил этилишига эҳтиёж бор, деб ёзади «Жомбой тонги» газетаси қишлоқ врачлик пунктларидаги муаммолар ҳақида.
Ижобий рақамлар етарлича
Айтиш керакки, тиббиётга ажратилаётган катта-катта маблағлар, фидойи шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида қатор ижобий ўзгаришлар ҳам бор. Мисол учун, аҳоли орасида ўткир вирусли гепатит касалликлар 3967 тадан 2362 тагача, ўткир ичак инфекцияси касалликлари болалар орасида 3900 тадан 2361 тага камайган. 18 ёшгача бўлган болалар ўртасида юқумли касалликлар туфайли ўлим ҳолати 2018-2019 йилларда сезиларли даражада камайган.
Оғир беморларга шошилинч консультатив ёрдам кўрсатиш вақти тезлашди. Хусусан, жорий йилнинг февраль ойида вилоят ҳокимлиги томонидан шошилинч тиббий ёрдамга мўлжалланган санитар авиация хизмати учун тўртта "Нексия" автомашинаси ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан берилган HUNDAY реанимобили бўлимнинг ишини янада осонлаштириб, беморларгача етиб бориш вақти тезлашди.
Вилоят маҳаллий бюджетидан ажратилган 9,5 миллиард сўм ҳисобидан «Обод қишлоқ» дастури асосида туманларда 17 та ( Қўшработ туманида 4 та, Ургут туманида 3 та, Пахтачи, Нуробод туманларида 2 тадан, Нарпай, Иштихон, Паст Дарғом, Самарқанд, Тойлоқ ва Оқдарё туманларида биттадан) ҚВП ва ҚОПлар таъмирланиб, шу йилнинг охирига қадар барча объектлар босқичма-босқич фойдаланишга топширилади. Шунингдек, жорий йилда бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан 4 миллиард сўмга яқин маблағ эвазига замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланди.
Фикр, таклифлар
Аммо соҳани, хусусан, бирламчи тиббий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш лозимлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Мақолани ёзишдан аввал бу ҳақда шифокорлар, мутахассислар, аҳоли билан суҳбатлашдик. Ҳолатни яхшилашда нималарга эътибор қаратилиши кераклиги бўйича фикрларини билдик. Гарчи замонавий бинолар қурилиб, моддий-техник база яхшиланаётган, қишлоқ врачлик пунктларига дори-дармонлар етказилиши йўлга қўйилиб, тез тиббий ёрдам бригадалари сони илгаригидан 3 бараварга ошган бўлса-да, ҳануз тизимдаги муаммолар талайгина эканлиги бир томондан кадрлар масаласи билан боғлиқ, дейишди баъзи шифокорлар. Табиийки, чекка ҳудудда врач бўлиб ишлашни кўпчилик ёшлар хоҳлашмади. Шунинг учун қишлоқ врачлик пунктларида кўпроқ пенсия ёшидаги шифокорларнинг ишлаши кузатилмоқда.
Аммо тизимга ишга киришда баъзи ҳудудларда коррупция ҳолати борлигини ҳам инобатга олиш лозим. Яқинда ижтимоий тармоқларда самарқандлик гуруҳлардан бири ҳамшира бўлиб ишга киришнинг баҳоси қанча, дея сўров ўтказгани ва бу саволга турли фойдаланувчиларнинг тўғридан-тўғри, нархни айтиб жавоб бераётгани ҳам ташвишли ҳолатдир!
Баъзи шифокорлар тиббиёт таълимидаги модуль тизимидан норозилигини, шу бўйича ўқиб, битирган талабалар орасида амалиётда яхши натижага эришмаётганлари борлигини айтиб ўтишди.
Ойлик-маошининг камлиги учун фирмаларда ишлаш истагини билдираётган ёшлар кўпаяётгани ҳам тизимдаги кадрлар захирасига салбий таъсир ўтказмоқда.
Ва энг муҳими, бугун соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш билан нафақат шифокорлар, балки барча, бутун жамият шуғулланиши, бу асосий кун тартибидаги масалага айланиши зарур. Қишлоқ ҳудудларида қўл ювиш, ювиниш учун ҳар бир хонадонда шароит яратилмас экан, соғлом турмуш тарзи деб ўқилган ваъзларнинг ҳаммаси бекор. Ота-оналар қизининг сепига мебель қилмаса-да, фарзандларини кунлик рацион овқатланиш асосида истеъмол қилишини таъминламас экан, турмушга чиқиш, уйланиш олдидан амалга оширилган тиббий кўрикнинг аҳамияти ҳам катта эмас. Бирламчи тиббиёт, яъни қишлоқ врачлик пунктлари ходимлари эса айнан шу масалада тарғиботчи бўлишса мақсадга мувофиқ бўларди.
Гулруҳ МЎМИНОВА,
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).