Хоразмлик журналистлар вилоят Матбуот уйига келди
Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси Хоразм вилояти бўлими ва вилоят касаба уюшмаси кўмагида бир гуруҳ хоразмлик журналист ва блогерлар Самарқанд шаҳрига келди.
Воҳа журналистлари дастлаб вилоят Матбуот уйи, бу ерда жойлашган таҳририятлар фаолияти, ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди. “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник”, “Овози Самарқанд” газеталари ходимлари билан дилдан суҳбатлашди.
Вилоят матбуот тарихи музейида бўлиб, бу ердаги экспонатлар ҳақида қизиқарли маълумотга эга бўлди.
Шу ернинг ўзида “Журналист ижодий мулоқотда тобланади” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Уюшманинг Самарқанд ва Хоразм вилоят бўлимлари раислари А.Ҳайдаров ҳамда Ў.Матқурбонов икки вилоят ўртасидаги ижодий ҳамкорлик бўйича сўз юритди. Келгусида ижодий мулоқот майдонини Хоразмда ўтказишга келишиб олди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти бош муҳаррири Фармон Тошев Самарқанд журналистикаси ривожи хусусида сўз юритди. Матбуот тарихига алоҳида тўхталиб, хоразмлик ижодкор Раҳмат Мажидий 1930 йиллар бошида “Зарафшон” газетасига муҳаррирлик қилганлигини эътироф этди.
- Биз Самарқандга қилаётган саёҳатимизни айнан ижодкорлар уйидан бошлаганимизда катта маъно бор, — дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Хоразм вилояти бўлими раиси Ўткирбек Матқурбонов. – Чунки бу масканда матбуотимизнинг улуғ дарғалари ижод қилган. Қолаверса, вилоят газеталарига берилган эътибор ва ғамхўрликни кўриб, тўғриси, ҳавасимиз келди. Бундай шароитда ишлаш ижодкорга янада илҳом беради. Матбуот тарихи музейи эса бошқа бир олам экан. Сафарга ёш ижодкорларни олиб келганмиз, бу ҳам айнан амалий маҳорат мактабини ўтайди. Сафаримиз чоғида Самарқанднинг қадимий обидалари ҳақида ҳам алоҳида мақола тайёрлашни режалаштирганмиз.
Меҳмонларга таҳририятнинг совғалари ҳамда китоблар жамланмаси туҳфа қилинди.
Ҳусан ЭЛТОЕВ.