Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Зеленскийга қарши Залужний: Украинадаги сайловлар натижалари башорат қилинди

🔹 Россия президенти Владимир Путин Украина ҳарбийлари томонидан босиб олинган Курск вилоятидаги ҳудудларни 20 январь - Доналд Трамп инаугурациясига қадар Россия назорати остига ўтказмоқчи. Бу мақсад учун Путин 50 минг кишидан иборат гуруҳ - Россия ва Шимолий Корея ҳарбийларини жойлаштирган.

🔹 Доналд Трамп келаси тўрт йил давомида мамлакатни бошқарадиган янги жамоа тузишни бошлади ва биринчи тайинловларини эълон қилди. Президентлик тадбиркор Илон Маск ва президентлик пойгасидан чиқиб кетган бизнесмен Вивек Рамасвами ҳукумат самарадорлигини ошириш вазирлигини бошқаради. АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари лавозимини Миллий разведканинг собиқ директори Жон Рэтклифф эгаллайди.

🔹 Тўлиқ миқёсли босқин бошланганидан бери Украина халқаро ёрдам сифатида 100 миллиард доллардан кўпроқ маблағ олган. Бугун АҚШдан гуманитар ва ижтимоий дастурларга йўналтирилган 1,35 миллиард долларлик сўнгги транш етиб келди.

🔹 Украинада президентлик сайловлари ҳозир ўтказилган тақдирда, Владимир Зеленский иккинчи турда Украина Қуролли кучлари собиқ бош қўмондони ва Украинанинг Лондондаги элчиси Валерий Залужнийга ютқазади. Мамлакатдаги сиёсий вазият таҳлилини Британиянинг The Economist журнали тақдим этди. Украинада президентлик сайловлари 2025 йил 25 майга белгилангани ҳақида айтилган бўлса-да, президент девони сайловга тайёргарлик кўраётганини инкор этади.

🔹 Туркия Савдо вазири Омер Болат, Туркияга БРИКС ҳамкор давлат бўлиш таклифи келганини айтди.

🔹 Грузияда президентлик сайловлари 2025 йил январь ойининг бошида бўлиб ўтиши кутилмоқда.

🔹 Доналд Трампнинг иккинчи президентлик муддати Европа Иттифоқи учун жиддий синовга айланиши мумкин, дейди Bloomberg агентлиги. Трамп мамлакат ташқи сиёсатини қайта кўриб чиқишга тайёр: гап Украинани қўллаб-қувватлашдан бош тортиш, НАТОдан чиқиш ва 20 фоизлик божлар жорий этиш ҳақида кетмоқда. Агар АҚШ Киевни қўллашдан бош тортса, Украинага ёрдамнинг молиявий юки бутунлай европалик солиқ тўловчилар зиммасига тушиши мумкин.

🔹 Россия Федерацияси Африка давлатларининг 20 миллиард долларга яқин қарзидан кечди. Россия ТИВ раҳбари ўринбосари Михаил Богдановнинг айтишича, шу тариқа бу қарзлар Африка давлатларида ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга сарфланади.

🔹 Яман хусийлари Араб денгизида АҚШнинг “Абраҳам Линколн” авиаташувчи кемасига ракета ва дрон билан ҳужум қилган. Хусийлар Америка кемаларига ҳужуми Исроилнинг Ғазога босқини бошланганидан буён давом этиб келмоқда. Ҳарбий ва тижорат кемаларига ҳужумлар минтақада юк ташишни қийинлаштирмоқда.

🔹 Польша Бош штаби раҳбари Висслав Кукула Россия билан урушга тайёргарлик кўриш зарурлигини айтди. “Бу ҳақиқий таҳдид. Уруш қачон ва қаерда бошланади, қайсидир маънода ўзимизга боғлиқ. Ўзини ҳимоя қилишга яхши тайёрланган ва жамияти қаршилик кўрсатадиган давлатга ҳужум қилиш катта хавф туғдиради”, деди у.

🔹 АҚШ шимоли-шарқида кучли ўрмон ёнғинлари давом этмоқда. Икки штат – Нью-Йорк ва Нью-Жерси чегарасида жойлашган миллий боғ ходими ёнғин оқибатида нобуд бўлди. Оловни ёмғир ҳам ўчира олмаган.