Хорижда ўқиётган талаба ҳикояси: Чет элда ўқиш осон эмас, аммо...
Хорижда таҳсил олаётган талаба қиз билан танишиб қолдим. У чет элдаги ҳаёти ҳақида гапириб берди. У исм-шарифини ошкора қилишимни истамагани учун унинг исмини ёзмадим.
- Аввалига мен уйдагиларимга хорижда ўқийман деб оёқ тираб олдим, - деди қиз. - Улар менга чет элда қийналишимни айтса, “бўлмаган гап”, дедим. Дастлаб 2+2 дастури асосидаги олий таълим муассасасига ўқишга кирдим ва икки йил ватанда ўқидим. Қолган икки йилини Жанубий Корея давлатида давом эттиришим керак эди. Шундай бўлди ҳам. Хорижда ўқишим учун тўланиши керак бўлган уч ойлик тўлов-контракт пулини ота-онам банкдан кредит олиб тўлади. Уларнинг уч ойлик контракт пули бизнинг пулимизга анчагина бўлади. Қолганини ўзим хорижда ҳам ўқиб, ҳам ишлаб топишим керак эди.
Жанубий Кореяга боргач, икки йил бирга ўқиган дугонам билан арзонроқ ижара уй топиб жойлашдик. Вақтни қўлдан бой бермасдан иш топишга киришдик. Бир ёқда ўқишимиз ҳам бошланиб қолди. Тушгача ўқисак, тушликдан кейинга ишлашимиз лозим эди. Акс ҳолда чет элдаги яшаш ва ўқиш харажатларига уйдагиларимиз пул топиб беролмасди.
Шундай кунларнинг бирида бир манзилга бориш учун йўлга чиқдим. Аммо ҳали шаҳар кўчаларини ва транспортини яхши билмасдим. Бир маҳаллий кишидан шу манзилга қандай борсам бўлади, деб сўрадим. У менга қайси рақамли автобусга ўтиришим ва нечта бекатдан сўнг тушишим кераклигини тушунтирди. Бунга ҳам қаноат қилмай, бекатда мен билан автобус кутиб турди. Автобус келгач, ҳалиги корейс миллатли одам ҳайдовчига манзилимни айтиб, мени ўша бекатга тушириб кетишни тайинлади. Корейс халқининг олижаноблигидан қувониб кетдим. Бизда бўлса, деярли ҳеч ким бундай илтифот қилмайди. Нари борса, манзилни тушунтириб, йўлида давом этади.
Уйга келсам дугонам интернетдаги эълонлардан бир иш топибди. “Сен гаплаш”, деди менга. Ўзи ҳали корейс тилида равон гапиролмасди. Мен эълон эгасига телефон қилдим, унинг таклифи билан дугонам иккимиз иш берувчи билан танишиб, ишни қачондан бошлашимиз кераклигини гаплашиб келдик. Хуллас, иш берувчи ошхона эгаси бўлиб, биз дарсдан кейин ошхонадаги юмушларни бажаришимиз керак эди.
- Карта рақамларимизни иш берувчига беришимиз керак экан. У ишимизга қараб маош беришини айтди, - дедим дугонамга хонага келгач.
- Иккимизнинг иш ҳақимизни менинг картамга ташласа бўлмайдими? Ахир ишни мен топдим-ку, - деди дугонам жаҳл билан.
- Тушунмадим, ишни сен топганинг билан, уни мен гаплашдим. Қолаверса, ҳар кимнинг ишига қараб пул берилади. Сенинг картангга тушган пулни қанчаси сеники, қанчаси меники эканини қаердан биласан? – дедим.
Дугонамга бу гапларим ёқмади, иккимиз уришиб қолдик. Икки йил бирга ўқиб, бир партада ўтириб, унинг бундай характери борлигини билмаган эканман. Ўша куниёқ дугонамдан кўнглим қолиб, бошқа ижара уйга чиқиб кетдим.
Хорижда бошқа ватандошлардан ҳам яхшилик кўрмадим. Мусофирликда ватандошлар бир-бирини қўллайди, деб ўйлардим. Афсуски, ҳақиқий ҳаётда бунинг акси бўлиб чиқди. Бир куни ўқиш жойим мендан бир маълумотнома сўради. Маълумотномани элчихонадан олишим керак эди. Элчихонага телефон қилсам: “Биз сизга маълумотнома бера олмаймиз”, деди элчихона ходими.
Шундан сўнг иш берувчимга элчихонадан маълумотнома олишимга ёрдам сўрадим. У мен билан элчихонага борди. Элчихона вакили корейс миллатли иш берувчимнинг талабидан сўнг, тезда менга маълумотнома чиқариб берди.
- Нега шуни кеча мен сўраганда бермадингиз? – дедим унга.
- У бошқа киши бўлса керак, мен сиз билан ҳозир гаплашяпман, - деди уялмай. Индамай чиқиб кетдим.
Чет элда ҳам ўқиб, ҳам ишлаш бошида қийиндек эди. Ҳозир ўрганиб кетдим. Бу ерда ҳар бир дақиқамдан самарали фойдаланаман. Вақтимни беҳудага совурмайман. Дарсдан кейин ишга, ишдан кейин ижара уйимга қайтиб, дарс тайёрлайман. Хонадош дугоналарим ҳам мен каби хориждан келиб ўқиётган малайзиялик, индонезиялик қизлар. Улар билан биргаликда аҳил яшайман. Контракт пулларимни ҳам ўзим ишлаб тўлаяпман. Аммо мусофирликка чидай олмай ватанга қайтиб кетган талабалар ҳам бўлди. Афсуски, уларнинг кўпчилиги ўғил болалар.
Жанубий Кореяда талаба дарсга келмаса, дарс тайёрламаса, ўша фандан имтиҳондан ўтолмайди. Бу албатта, ўзига зарар. Ўқитувчилар дарсларини ўтиб кетаверади, биздагидек “Нега дарсга келмадинг, нега дарс тайёрламадинг”, деб сўрамайди. Ўзини ва талабани асабини бузмайди. Шунингдек, талабаларнинг кийиниш масаласи ҳам муҳокама этилмайди. Ҳар ким ўзи истаган кийимда дарсга бораверади.
Бир йилдан зиёд вақт ота-онамдан узоқда яшадим. Яхшиям интернет бор экан, деярли ҳар куни уйдагилар билан гаплашиб турдим. Таътил баҳона яқинда уйга келдим. Ота-онам энди магистратурани шу ерда ўқийсан, дейишяпти. Мен эса тезроқ хорижга кетгим келяпти, сабаби у ердаги ҳаётга, кишиларнинг турмуш тарзига ўрганиб қолибман.
Мусофирлик одамни тарбиялар экан. Чет тилини билганлар, дунё кезиб юрганлар кенг фикрлашига амин бўлдим.
Хуршида Эрназарова суҳбатлашди.