Хориждан нималарни ўрганишимиз мумкин?

“Зарафшон”да (2019 йил 31 январь, 13-сон) чоп этилган “Таълим тизимига хориж «хамиртуруш»и зарур” сарлавҳали мақолада Самарқанд давлат университети ректори, техника фанлари доктори, профессор Рустам Холмуродов таълим тизимимизда хориж тажрибасини қўлламасдан туриб, ривожланишни, ўзгаришларни тасаввур қилиш қийинлигини таъкидлаган. Мен ўз мисолимда бу фикрлар қанчалик асосли эканлигини баён қилмоқчиман.

Самарқанд давлат университети ва Ломоносов номидаги Москва давлат университетида ўртасида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги келишувга асосан 2018 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида МДУ тарих факультетида илмий стажировкада бўлдим. Мутахассислигим бўйича Европа ва Америка давлатларининг янги ва энг янги тарихи кафедрасида германист тарихчи профессор А.Ю.Ватлин раҳбарлигида режага киритилган вазифаларни бажардим.

Ҳар бир олий ўқув юрти олдига аввало малакали мутахассислар тайёрлаш вазифаси қўйилади. Бу вазифани бажаришда ҳар бир олийгоҳ ўз йўли ва имкониятига қараб иш тутади. Албатта, 1755 йилда асос солинган МДУ билан 1927 йилда ташкил этилган СамДУни тенглаштириш қийин. Аммо илғор, ибратли томонларидан ўрнак олиб, имкониятимиз даражасида ўзимизда татбиқ этмасак университетимизнинг салоҳияти ўзидан-ўзи кўтарилмайди (Дарвоқе, Самарқанд давлат университети салоҳиятини кўтариш учун Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори ҳам қабул қилинди).

Мамлакатимизда жаҳон тарихи соҳаси, айниқса унинг Европа ва Америка тарихига доир йўналишида (Шарқшунослик соҳасида махсус институтларимиз бор ҳар қалай) катта узилиш бўлиш хавфи бор.

МДУда эса 37 нафар ўқитувчи бўлган кафедарнинг барча ходимлари Европа ва Америка мамлакатлари тарихи бўйича мутахассис. Битта фанни 2-3 нафар ўқитувчи ўз соҳаларига қараб бўлиб ўқитади. Назорати эса умумий. Талабалар ҳам ҳар бир мамлакат тарихи бўйича махсус курсларни эшитади. Эътиборлиси, ҳар бир кафедранинг ўз кутубхонаси мавжуд. Унда кафедра фанларига доир махсус адабиётлар, ҳатто чет тилларидагилар сақланар экан. Эски нашрдаги ҳамма китоблар сақланиб қолинган, янги китоблар учун алоҳида бурчак ажратилган. Кафедра лоборантлари ва аъзолари белгиланган кунларда навбатчилик қилади.

III курс талабаларининг курс иши ҳимоясида қатнашиб ҳайратда қолдим. Талабалар рус ва чет тилларидаги манба, адабиётлардан фойдаланар экан. Ҳимоя учун бир кун эмас, икки ҳафта муддат ажратилган. Ишни тугатган талаба оппонент иштирокида ҳимояга чиқади. Ишга жуда масъулият билан ёндашилади. Бу жараённи мен илмий тадқиқот ишининг дастлабки босқичи деб баҳолаган бўлардим. Тан олиш керакки, бу курс ишлари даражаси битирувчиларимизнинг малакавий ишлари билан тенглаша олади.

Москвалик талабаларнинг малакавий битирув ишлари билан ҳам танишиб чиқдим, профессионаллик бор. Битирув иши ёқлаган талаба тадқиқот ишларининг ҳамма икир-чикирларидан воқиф бўлади. Илмий иш қилиш кўникмасини ўзлаштиради. Мавзуни танлашдан бошлаб эвристик жараёнлар, илмий адабиётларни ўрганиш ва муаммоларни аниқлаш, материалларни йиғиш ва уларнинг таҳлили, шунингдек, тарихий танқид усулларидан хабардор бўларкан.

Шу йўсинда магистрлик диссертациясини ёқлаган талаба илмий тадқиқот йўлидаги босқичлардан ўтган бўлади. Аспирантурага кирса номзодлик диссертациясини тайёрлашда қийналмайди.

Бизда эса илмий тадқиқот деган тушунчанинг дастлабки босқичи йўқолиб бормоқда.Ўқув дастуридан курс ишлари олинди. 2018-2019-ўқув йилида малакавий битирув ишлари ҳам ўқув юкламасидан олиб ташланди. Эмишки, талабалар интернетдан олган материални битирув иши сифатида топширмоқда Бу бургага зарда қилиб кўрпани ёндириш билан баробар.

Наҳотки, бу вазиятдан чиқишнинг бошқа йўли бўлмаса. Илмий раҳбарлар, тақризчилар, қолаверса, ҳимояни ўтказадиган аттестация комиссиялари масъулиятини ошириш мумкин эди-ку.

Муаммонинг ечими учун яна бир таклиф киритиш мумкин. Иқтидорли талабалар учун ихтисослаштириш II курсдан бошланса. Талабага ўзини қизиқтирган мамлакат тарихини қўшимча тарзда мустақил ўзлаштириш билан бирга ўша мамлакат тилини ўрганиш учун ҳам имконият яратиш зарур. Бундай ёшлар ҳар бир гуруҳдан 3-4 нафар чиқиши мумкин. Илмий кўникмаларни эгаллаш учун гуруҳдаги ўртача 5 талабага курс иши ёзиш юкламаси ажратилса. Ўша иқтидорлар тадқиқотга тортадиган мавзулардан малакавий битирув ишлари ёзсин. Уларга имтиёз тариқасида магистратурага киришга йўлланма берайлик. Чет тилларини пухта ўргансин.

Магистратурани муваффақиятли битирган лаёқатлиларни чет элга юбориш керак. Ўшанда жаҳон тарихи кафедрасида соҳа бўйича мутахассислар ишлайди ва кейинчалик кадрлар ўзимизда тайёрланиши мумкин.

Беҳзод Тўрақулов,

СамДУ Жаҳон тарихи кафедраси доценти.