ХТВ: Мактаб таъмири учун ота-оналардан пул йиғиш ноқонуний
Халқ таълими вазирлиги ўқув йилининг сўнгги кунларида ота-оналардан мактаб таъмири учун пул йиғилаётганлиги юзасидан кўплаб мурожаатлар келиб тушаётганини маълум қилди.
"Ўзбекистон Республикаси Президентнинг тегишли Фармон ва Қарорларида умумтаълим мактабларини янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёрлаш, таъмирлаш ва инфратузилмасини яхшилашга маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикасининг Қонун ҳужжатларида умумий ўрта таълим олиш бепул эканлиги кафолатланганини инобатга олиб, мактаблардаги ҳар қандай мажбурий йиғимлар ноқонуний эканлигини маълум қиламиз", дейилади вазирлик хабарида.
Шунингдек, вазирлик агарда мактабларда ноқонуний пул йиғиш ҳолатларига дуч келинса, (71) 202-09-09 ишонч телефон рақамига хабар беришни сўрамоқда.
Қайд этилишича, мактабларга беғараз ҳомийлик қилиш истагида бўлган фуқаролар буни қонуний йўл билан, яъни ҳомийлик маблағларини мактабнинг ҳисоб рақамига ўтказган ҳолда расмийлаштиришлари мумкин. Ҳозирги кунда мактабларда Кузатув кенгашлари фаолият юритмоқда. Кузатув кенгашига ўқувчиларнинг ота-оналари, собиқ битирувчилар, ўқитувчи ва бошқалар сайланиши мумкин. Кузатув кенгаши аъзолари бюджетдан ажратилган ҳамда қўшимча ишлаб топилган маблағларни самарали ва мақсадли сарфланишини назорат қилиш ваколатига эга.