Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Халқ таълими вазири Булунғурдаги “қизил” тоифасидаги мактабларда муаммоларни ўрганди

Самарқанддаги умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичларига кўра “қизил”, “сариқ”, “яшил” мактаблар тоифаларига ажратилди.

Булунғур туманида 69 та умумтаълим мактаби мавжуд. Уларнинг атиги биттаси “яшил”, 13 таси “қизил” тоифасига киради.

“Қизил” тоифасидаги аксарият мактабларда икки ўқув йилида бирорта ҳам битирувчиси олий таълим муассасаларига ўқишга кирмаганлари ҳам бор. Худди шундай мактаблардан бири тумандаги 57-умумий ўрта таълим мактабидир.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Булунғурдаги таълим сифати салбий кўрсаткичга эга ушбу мактабда бўлди.

2019/2020 ўқув йилида ушбу мактабни 33 нафар ўқувчи битирган бўлиб, бирортаси ОТМга кира олмаган. Афсуски, ундан олдинги 2018/2019 ўқув йилида ҳам мактабни битирган 29 нафар битирувчидан бирортаси талабаликка тавсия этилмаган.

Вазир ушбу муаммонинг сабаблари билан қизиқди. Ўқитувчиларнинг ўз устида ишламаганлиги, 6 йилдан буён раҳбарлик қилиб келаётган мактаб директорининг масъулиятсизлиги, битирувчиларнинг билими ва қизиқиши доирасида 5 та ОТМга кириш имконияти яратилган бир пайтда бундан тўғри  фойдаланиш бўйича ўқувчиларга тегишли тавсиялар етказилмаганлиги муҳокама жараёнларида маълум бўлди.

Тумандаги 51-мактабда ҳам худди шундай салбий кўрсаткичлар қайд этилган. Ваҳоланки, ушбу таълим муассасаларида ўқитувчиларнинг моддий ва маънавий таъминоти учун имкониятлар яратилган.

Туман марказидан 60 километр узоқликда жойлашган 11-мактабда таълим-тарбия олаётган 858 нафар ўқувчининг 131 нафари вилоятнинг ҳар хил туманларидан, 106 нафари эса бошқа вилоятлардан келиб ўқимоқда. Бу мактабда таълим сифати, раҳбарнинг талабчанлиги ва ўқитувчиларнинг ўз касбига масъулият билан ёндашиб келаётганидан далолатдир.

Ўтган ўқув йилида мактабни 86 нафар ўқувчи битириб, уларнинг 29 нафари, яъни 33,7 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Ундан олдинги йиллар натижасидан 6-7 фоизга ортган. Мактаб жамоаси ўртасида соғлом рақобат муҳити шаклланган бўлиб, доимий равишда малака ва тажрибасини ошириш, ўқувчилар учун дарсдан ташқари қўшимча фан тўгараклари самарали йўлга қўйилган. Бу, албатта, муассасада эришилаётган ютуқлар сафини кенгайтирмоқда.

Ш.Шерматов мактабнинг ушбу ютуқларини эътироф этиб, ўз тавсияларини билдирди. Жумладан, бундан буён “қизил” тоифасидаги мактабларнинг директори лавозимига “яшил”, яъни таълим сифати кўрсаткичлари юқори бўлган мактабларнинг амалда ишлаб турган ўринбосарлари, ёш, ташаббускор, билимли, раҳбарлик қобилиятига эга бўлган фан ўқитувчилари номзодини халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларида уч йиллик ривожлантириш дастурларини ҳимоя қилган ҳолда лавозимга тайинлаш амалиёти йўлга қўйилишини таъкидлади. Бу борада Самарқандда даставвал “Булунғур тажрибаси” йўлга қўйилиб, 11-умумтаълим мактаби директори ўринбосарлари ва илғор тажрибага эга, билимли ва юқори касбий маҳоратли, ёш ўқитувчиларнинг номзоди “қизил” тоифасидаги муассасалар директори лавозимига тавсия этиладиган бўлди.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.