Худди балиқлардек…
Индонезиядаги Баджау денгиз кўчманчилари сувда яшайди(ми?)
Сув остида нафас ола олмасдан одам қанча вақт тура олади? Одатда 30 сониядан 90 сониягача бўлган вақт норма ҳисобланади. Индонезиядаги Бажау халқининг деярли ҳаммаси сув остида 13 дақиқагача нафас олмасдан сузиб юра олади. Савол туғилади: улар ҳам бизга ўхшаган инсонларми!? Ёки...
Кунининг 60 фоизини сувда ўтказадиган, танасининг тузилиши оддий одамларникидан кескин фарқ қиладиган бу одамларнинг талоғи (қоражигар) ғайриоддий тарзда катта. Баджау халқининг одатда тюленларда учрайдиган ушбу "бурилиш"и бир неча минг йиллик сувдаги ҳаёт давомида ривожланган. Болалар ҳам ёшлигидан сузади, уларнинг органлари денгиз муҳити ва шўнғиш таъсирида ўсади.
Талоқ мия ва юракка кислородни тақсимлашга ёрдам беради, маълум муддат сувда бўлган одамда кислород камайгач, "шўнғиш рефлекси" фаоллашади. Шунда юрак уриш тезлиги пасайиб, фақат ҳаётий органлар қон билан таъминлана бошлайди. Талоқнинг ўзи эса кислородли қизил қон таначаларини қон айланиш тизимига сура туриб қисқаради.
Умр бўйи сузиб юрувчи уйларда яшаб, Осиё сувларида кўчманчи ҳаёт тарзини ўтказадиган Баджау балиқчилар қабиласининг юзлаб авлодлари кунининг 60 фоизини сувда ўтказади. Шу сабабли бўлса керак улар танасида муқаррар равишда мослашув рўй берган.
Улар рекордчими?
Баджау мусобақаларда қатнашмайди. 2021 йилда сув остида энг узоқ қолиш 24 дақиқа 37 сонияни ташкил қилган рекордни хорватиялик Будимир Шобат ўрнатди, бироқ шўнғин олдидан у соф кислороддан ютган, бу эса мутлақо адолатдан эмас. Негаки, Бажау халқининг ҳар бир моҳир балиқчиси сувда 13 дақиқани бемалол бажара олади. Шу билан бирга, улар пастки қисмда моллюскаларни қидириш ва тузоқларни текшириш мақсадида 70 метр чуқурликка шўнғишади.
Қизиғи, ҳаёт шароитлари баъзи халқларнинг ташқи қиёфасини ўзгартиришга мажбур қилган. Мисол учун, тибетликларнинг қўллари бошқа одамларга қараганда бир оз узунроқ. Таиланддаги мокен халқи эса сув остига кўзлари очиқ ҳолда сузишади. Улар оғриқсиз қараб, океан тубида майда моллюскалар ва бошқа озиқ-овқатларни йиғиб олишади.