Хуршида Матлюбова: “Бизда буйрак кўчириб ўтказилмайди”
“Иссиқ жон иситмасиз бўлмайди”, дейишади. Инсон умри давомида тиббиёт билан ҳамнафас бўлади. Шу сабабли доим замонавий ва малакали тиббиётга эҳтиёж сезамиз. Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ана шундай муассасалардан бири. 320 ўринли марказда жарроҳлик, урология, проктология, гинекология, лор, ревматология ва пульмонология, умумий ички касалликлар, асаб касалликлари, физиотерапия ва гематология каби бўлимлар мавжуд. Марказ бош шифокори Хуршида Матлюбова билан муассаса фаолияти ҳақида суҳбатлашдик.
- Инсон яралгандан бошлаб тиббиёт у билан ёнма-ён тараққий этиб келмоқда. Айтинг-чи, йигирма йил аввалги тиббиёт билан бугунгисининг ўртасида қандай фарқ бор?
- Жуда катта фарқ бор. Масалан, йигирма йил аввал шифохонамизда бармоқ билан санарли тиббий ускуналар бўлса, бугунги кунда бизда деярли барча замонавий аппаратлар мавжуд. Авваллари биз касалнинг фақат оғриган жойини даволаган бўлсак, бугунги кунда беморларни бошдан-оёқ текширувдан ўтказиб, сўнгра даво чораларини кўрамиз. Энди ишга келган пайтларим бир бемор неврология бўлимида даволаниб кетди. Бироздан сўнг мен у аёлни бошқа бўлимда учратдим. Аёл бу сафар томоқ йўли оғриётганидан шикоят қилди. Шундан сўнг беморни фақат оғриган жойини эмас, балки бутун организмини текшириш кераклигини тушуниб етдим. Беморга тўғри ташхис қўйиш учун, аввало уни барча кўриклардан ўтказиш керак.
- Вилоят шифохонасида мижозларга қайси хизмат турлари бепул? Даволанувчилар учун дори-дармонларнинг ҳаммаси пулликми?
-Агар бемор яшаш жойи бўйича қишлоқ врачлик пунктига, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаларига мурожаат қилиб, йўлланма билан келган бўлса, биз беморга бепул тиббий хизмат кўрсатамиз. Давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмидан ташқари тиббий ва бошқа ёрдамлар кўрсатилса, мижоз уларнинг ҳақини тўлайди. Агар мижоз тегишли йўлланмасиз, тиббий ёрдам олиш учун мурожаат этса, пуллик хизмат кўрсатилади. Шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиш талаб этиладиган ҳоллар бундан мустасно.
- Сизнингча, касалликларнинг йилдан йилга кўпайиб бораётганига сабаб нима? Тиббиёт ривожланиб бораётган бир пайтда касалликларнинг тури ошаётганини нима билан изоҳлайсиз?
- Одамлар ўз саломатликларига бефарқ. Агар ҳар бир касаллик вақтида даволанса, ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Аммо баъзилар вақтида шифокор кўригидан ўтмайди. Натижада касаллик ривожланиб кетади.
- Ҳар бир соҳанинг ўзига яраша муаммоси бўлиши табиий. Сиздан беморлар норози бўлган ҳолатлар борми?
- Шу ҳақда гапирмоқчи эдим. Яқинда бир бемор буйрак қўйиб беришимизни сўраб, юқори идораларга мурожаат қилибди. Биринчидан, буйрак кўчириш амалиётини ўтказиш учун бизда лицензия йўқ. Иккинчидан, бу жарроҳлик ниҳоятда қиммат туради. Операция ўтганидан кейин ҳам бемор зарур дори-дармон қабул қилиб туриши керак. Бу дори воситалари эса жуда қиммат. Айримлар бизнинг ваколатимизга кирмайдиган вазифаларни талаб қилиши дилимни хира қилади.
- Баъзида “Касали эскича экан, беморни уйига жавоб бериб юборишибди”, қабилидаги гапларни эшитиб қоламиз. Бундай ҳолатга муносабатингиз қандай?
- Тажрибамизда ҳали бунақаси бўлмаган. Биз беморларни обдон даволаб, сўнгра жавоб берамиз.
- Тажрибали шифокор сифатида айтинг-чи, соғлом турмуш тарзига амал қилиш учун нималардан воз кечиш керак?
- Кечқурун тўйиб овқатланишдан ва ҳаракатсизликдан сақланиш керак. Мунтазам спорт билан шуғулланиш, тўғри овқатланиш, вақтида дам олишни билиш – соғлом турмуш тарзидир.
Хуршида Эрназарова суҳбатлашди.