Ўзбекистонда ҳиндистонлик инвестор билан тиббиёт соҳасида қўшма корхоналар очилади
Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистоннинг "North East Healthcare/Srishti Hospitals" компанияси бош ижрочи директори, Самарқанд шаҳридаги "Zarmed Pratiksha" Ўзбекистон-Ҳиндистон қўшма шифохонаси асосчиси Нишант Бажаж билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида сўнгги йилларда мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида, жумладан, тиббиёт соҳасида халқаро ҳамкорлик ва инвестициявий муносабатларни фаоллаштириш бўйича яратилган қулай муҳит икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлашга асос бўлаётгани таъкидланди.
Нишант Бажаж Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил Ҳиндистонга расмий ташрифи доирасида ишбилармон доиралар вакиллари билан учрашуви якунларидан руҳланиб, Самарқанд шаҳрида тиббиёт йўналишидаги "Zarmed Рratiksha" қўшма корхонасининг хорижлик таъсисчиси бўлган.
Кўп тармоқли тиббиёт марказида жарроҳлик амалиёти хоналари, 100 ўринли стационар фаолияти йўлга қўйилган. Интервенцион кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, эндоскопик жарроҳлик, ортопедия ва травматология, урология ва гинекология, отоларингология фаолият турлари учун замонавий диагностика ускуналари ўрнатилган. Бир вақтнинг ўзида 600 кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга. Тиббий хизматлар халқаро стандартлар асосида комплекс тарзда кўрсатилмоқда.
Ҳиндистонлик тадбиркорнинг маълум қилишича, бугунги кунда мазкур қўшма корхонанинг Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида диагностика марказлари ташкил этилган. Жорий йил Тошкент шаҳрида янги тиббиёт марказини бунёд этиш бўйича ташкилий масалалар ўрганиб чиқилмоқда. Шу мақсадда 2 миллион доллар атрофида хорижий инвестиция жалб этиш кўзда тутилмоқда.
Мулоқот давомида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Ўзбекистонлик тиббиёт мутахассисларининг Ҳиндистоннинг етакчи тиббиёт муассасаларида малака ошириши, тажрибали ҳинд врачларининг Самарқанд шаҳридаги қўшма шифохонада мунтазам фаолият юритишини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА.