Хусусий-шериклик асосида ташкил этилган боғчаларда ҳолат қандай?

Вилоят молия бош бошқармаси ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида нодавлат мактабгача таълим тизимини ривожлантириш амалга оширилган ишлар бўйича Оқдарё туманига пресс-тур ташкил этилди.  

- Кейинги йилларда вилоятимизда давлат хусусий шериклик асосида боғча ташкил этувчилар кўпайиб бормоқда, - дейди вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Орзумурод Мардонов. - Биргина Оқдарё туманида 7 та боғча давлат-хусусий-шериклик асосида, 115 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сифатида фаолият юритмоқда. Ушбу нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини қўллаб-қувватлаш учун 5,3 миллиард сўм миқдорида мақсадли субсидия маблағлари тўлаб берилди.

Умуман, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимизда 825 ўринли 

9 та давлат-хусусий шериклик асосидаги, 22 500 ўринли 892 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилди.

Журналистлар Юлдуз Ёқубова раҳбарлик қилаётган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти билан танишди. 

Ўтган йили иш бошлаган мазкур муассасада 25 нафар бола таълим-тарбия олмоқда. Дастлаб давлат бюджетидан қарийб 41 миллион сўм, жорий йилда эса 67 миллион сўм миқдорида мақсадли субсидия маблағлари ажратиб берилган. 

Пресс-тур иштирокчилари туманнинг Қирқдархон массивида давлат, хусусий-шериклик асосида ташкил этилган “Шаҳзоданинг болалик подшолиги” мактабгача таълим ташкилотида ҳам бўлиб, у ерда тарбияланувчиларга яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар. Муассаса 2019 йилда 2,5 миллиард сўм инвестиция маблағи ҳисобидан бунёд этилган. Нодавлат таълим муассасасининг 100 нафардан зиёд тарбияланувчиларига 12 нафар олий ва ўрта махсус маълумотли мутахассислар рус, инглиз тилларидан сабоқ беришмоқда. 

Дилмурод ТЎХТАЕВ.