Янги ГЭСлар аҳолининг электр энергиясига бўлган талабини қондира оладими?

Электр энергияси ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи энергия манбалардан, хусусан, мавжуд сув салоҳиятидан самарали фойдаланиш кичик ва ўрта қувватдаги ГЭСларни ишга туширишда муҳим ечим ҳисобланади. Юртимизда мазкур ГЭСларни қуриш орқали аҳолининг электр энергиясига бўлган талабини қондириш имкони яратилмоқда.

Президентимизнинг 2022 йил 9 сентябрдаги «Энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига асосан, вилоятимизда ҳам 16 та микро ва кичик ГЭСлар қурилиши кўзда тутилган, - дейди “Ўзгидроэнерго” акциядорлик жамияти 1-сон қурилиш дирекцияси бош мутахассиси Абдулазиз Тожиев. - Дунё миқёсида ривожланган давлатлар АЭС ва ИЭСлардан воз кечиб, ГЭСлардан кўпроқ фойдаланаётганлиги бунга яққол мисол бўла олади.

Бугунги кунда вилоятимиз ҳудудидан оқиб ўтувчи Дарғом каналида иккита  кичик ГЭС қурилиб, фойдаланишга топширилди. Жумладан, Тойлоқ туманидаги Новзандак маҳалласи ҳудудида қурилган "Шовдор" ГЭСи доимий электр энергияси ишлаб чиқармоқда. Жорий йилнинг май ойида ишга туширилган мазкур кичик гидроэлектростанция “ТВЕА” компаниясининг (Хитой) 15 миллион долларлик инвестиция маблағлари ҳисобидан қурилган бўлиб, унинг 2 та гидрогенераторлари соатига 7,2 МВт ток ишлаб чиқариш қувватига эга.

- Янги қурилган ГЭСлардаги замонавий автоматлаштирилган қурилма ва гидрогенераторларни ишлатиш жуда қулай бўлиб, инсон омилини сезиларли камайтириши билан эски ГЭСлардан бутунлай фарқ қилади, - дейди "Шовдор -1" ГЭСи бошлиғи Фарҳод Тоҳиров. – Бутун бошли ГЭС компьютерлар ёрдамида бошқарилади. Бирор жойда носозлик пайдо бўлса, замонавий дастурлар орқали аниқлаб, зудлик билан созлаймиз. Айни вақтда тўғон орқали сониясига 80 куб сув ўтади. Бу эса 10 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлаш учун етарли бўляпти.

Мана, тўрт ойдирки каналнинг Элипок маҳалласи ҳудудида ҳам “ТВЕА” компанияси маблағлари ҳисобидан “Тўпаланг HPD холдинг” МЧЖ қурувчилари томонидан қурилган яна бир кичик "Шовдор-2" ГЭСи ҳам аҳоли учун электр токи етказиб беряпти. 

Хитойдан келган 4-5 нафар мутахассис қурилиш ишларига ҳам, уни бошқаришда ҳам катта ёрдам беришмоқда. Асосий бутловчи қурилмалар, гидрогенераторлар хитойлик ҳамкорлар томонидан ўрнатилган бўлиб, уларнинг ёрдамисиз бошқариш қийин албатта. 

-  Дарғом каналида яна кўплаб кичик ГЭСлар қуриш мумкин, - дейди “ТВЕА” компанияси мутахассиси Ли Банг. – Бироқ уларни яхшилаб ўрганиб, кейин манзилини аниқлаш керак. Маҳаллий мутахассислар замонавий технологияларни жуда тез ўзлаштириб олишмоқда. Уларга бемалол ишонса бўлади.

Туманда иккита ГЭСнинг қурилиши аҳолининг электр энергиясига бўлган талабини бир қисмини қоплаши билан бирга 20 яқин мутахассисларни иш билан таъминлади.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни изчил ошириш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини янада кўпроқ қондиришни таъминлаш мақсадида канал ҳудудида хусусий инвесторлар ёрдамида яна 9 та микро ГЭСлар қуриш режалаштирилган.

Туманнинг Галаботир маҳалласида ҳам Россиянинг “Силовые машины” акциядорлик компанияси билан ҳамкорликда кичик ГЭС қурилиши давом этмоқда. Ҳамкорларимизнинг 18,4 миллион долларлик инвестиция маблағлари ҳисобидан қурилаётган "Шовдор-3" ГЭСининг дастлабки гидрогенераторини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирда қурилиш ишларида 180 нафардан зиёд қурувчилар ва 20 дан зиёд махсус техникалар кечаю-кундуз ишламоқда.

-  Соатига 6,4 МВт электр энергияси ишлаб чиқариши кўзда тутилаётган мазкур кичик станциянинг генераторлари “Уралгидромаш” (Россия) компанияси томонидан олиб келиниб, монтаж қилинмоқда, - дейди “Энергоресурс” Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси мутахассиси Алексей Махаринский. – Биринчи генератор жорий йилнинг 1 сентябргача ишга туширилса, иккинчиси яна бир ойдан сўнг ишлайди. Хуллас, жорий йил якунигача ГЭС тўлиқ қувват билан ишлаб, электр энергиясини бера бошлайди.

Янги ГЭСлар қурилиши билан бирга ишлаб турган электростанциялар ҳам қайта мадернизациялашмоқда. Жумладан “Самарқанд ГЭСлари каскади” унитар корхонасига қарашли "Хишрав" ГЭСида ҳам замонавийлаштириш ишлари жадаллик билан давом этмоқда.

-  Юртимизда яшил энергетикага аҳамият берилаётган бугунги кунда ўтган асрнинг 70-80 йилларидан буён ишлатилиб келинаётган ГЭСларнинг қайта замонавий технологиялар билан янгиланиши керак, -дейди “Самарқанд ГЭСлар каскади” унитар корхонаси ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Шаҳзод Ўлмасов. - Президентимизнинг “2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори асосида 2021 йил ноябрь ойидан бошлаб "Хишрав" ГЭСи (ГЭС-2Б)да инвестиция лойиҳалари асосида модернизация ишлари бошлаб юборилган. Ҳозирда Хитойнинг “СNTIC” компаниясининг муҳандислари билан биргаликда амалга оширилаётган қурилиш-монтаж ишлари якунланди. Модернизация ишларида ўзимизнинг ёш муҳандислар ҳам иштирок этмоқда. Чунки келажакда улар йирик гидростанцияларни бошқаришади. Шунинг учун ҳам улар замонавий электр қурилмаларини эксплуатация қилиш, жорий ва мукаммал таъмирлашни ҳам ўрганиб олишлари зарур.

Мазкур кичик гидроэлектростанциялардан ташқари хусусий инвесторларга қуввати 500 кВтгача бўлган микро гидроэлектрстанцияларни қуриш учун таклиф этилаётган лойиҳалар мавжуд. Жумладан, Тойлоқ туманида яна 3 та, Ургут тумани Айланма Дарғом каналида 6 та микро ГЭСлар қурилиши кўзда тутилган. Шунингдек, инвесторлар ёрдамида Иштихон туманидан оқиб ўтган Миёнқол-Хатирчи каналида 2 та, Зарафшон дарёсининг Булунғур тумани ҳудудида 3 та, Жомбой тумани қисмида 2 та, жами 16 та микро ГЭС қуриш таклифлари берилган.

Дилмурод ТЎХТАЕВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ олган суратлар.