Янги йил арчалари қандай ўрнатилади? Бу юмушга бугундан эътибор зарур
Ўтиб бораётган ҳар кун бизни Янги йил байрамига тобора яқинлаштирмоқда. Бу айём ёшу-қарига бирдек шодлик улашиши билан қадрли. Шу сабабли унга ҳар йили катта тайёргарлик ишлари амалга оширилади.
Яқинда жорий йилги Янги йил байрами тадбирлари учун вилоят маҳаллий бюджетидан 1 миллиард сўм маблағ ажратилди. Табиийки, бу маблағ эвазига турли кўнгилочар тадбирлар қатори байрам арчалари ҳам безатилади.
Қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрининг қайси жойларида Янги йил арчалари ўрнатилиш ҳозирча номаълум. Бироқ бу ишни тегишли тартиблар асосида бажарилиши алоҳида эътибор талаб қилади. Негаки, ўтган йиллар давомида Янги йил арафасида безатилган байрам арчаларининг ёниб кетиши ёки қулаб тушиши билан боғлиқ салбий ҳолатлар қайд этилиб, ижтимоий тармоқларда турлича танқидий фикрларга сабаб бўлди. Шунингдек, фуқароларнинг байрам кайфиятига салбий таъсир кўрсатгани сир эмас.
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси мутасаддиларининг таъкидлашича, Янги йил арчаларини ўрнатиш ва безатишда соҳа вакиллари тегишли тавсияларни беришади. Байрам арчаларини ўрнатишдан олдин ва ўрнатиш даврида барча мутасаддиларга “Янги йил байрами арчаларининг техник мустаҳкамлиги ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича Йўриқнома"лар тақдим этилган.