Янги йил қувончи болажонлар қалбида
Янги йил, энг аввало, болалар учун қувонч, шодлик ва орзулар байрами. Қайси ҳудудга назар ташламанг, безатилган арчалар атрофида қувноқ кулгуси билан юрган жажжи болаларни кўриш мумкин.
Айни кунларда мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида ҳам Янги йил муносабати билан турли тадбирлар ўтказилмоқда. Жомбой туманидаги 9-сон мактабгача таълим ташкилотида ҳам “Қорбобо боғчамизда меҳмон” номли байрам тадбири ташкил этилди.
Унда Қорбобо ва Қорқиз ҳамда турли эртак қаҳрамонлари иштирокида қизиқарли саҳна кўринишлари намойиш этилди, болажонлар шеър ва қўшиқлари билан байрамга янада завқ бағишлади. Тадбир якунида эса тарбияланувчиларга байрам совғалари улашилди.
— Муассасасимизда ҳозирги кунда 320 нафар болага 27 нафар малакали педагог таълим-тарбия бермоқда, — дейди боғча директори ўринбосари Юлдуз Ҳожимуродова. — Ўтаётган йилда тарбиячи ва тарбияланувчиларимиз турли танлов ва мусобақаларда фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритди. Жумладан, 4 нафар педагогимиз “Йил тарбиячиси” кўрик-танловида ғолиблар сафидан жой олди. Шунингдек, 4 нафар педагог олий ўқув юртини муваффақиятли тамомлади, ўрта махсус маълумотга эга бўлган 5 нафар педагог эса олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.
Тадбирда иштирок этган ота-оналар фарзандларининг саҳнадаги чиқишлари, эркин фикрлаши ва бадиий маҳорати орқали боғчада берилаётган таълим-тарбия самарасини яққол ҳис этдилар.
Янги йил байрами болажонлар қалбида унутилмас таассуротлар қолдириб, уларга янги орзулар ва эзгу умидлар бағишлади.
Эъзоза Мейлиева,
Бахтиёр Мустанов (фото+видео).