Январь ойи юз берган ЙТҲлари оқибатида 114 киши ҳалок бўлди
БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйича тахминан 1,35 миллион киши йўл-транспорт ҳодисасига учрайди, 1 миллион киши эса турли даражадаги тан жароҳати олади. Хусусан, Ўзбекистонда 2020 йилнинг январь ойида йўлларда 114 киши ҳалок бўлди, яъни кунига ўртача 4 киши.
Албатта, бу 2018 йил билан таққослаганда бироз яхшиланган (йил давомида 2 262 киши ёки кунига 6 киши). Бироқ хурсанд бўлишга ҳали эрта. Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ маълумотига кўра, биргина январь ойининг сўнгги ўн куни давомида республика бўйича 54 нафар фуқаро ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлди. Жами январь ойи давомида 373 та ЙТҲ, шу жумладан, 24 та ЙТҲ болалар иштирокида содир этилган. Ҳудудлар кесимида энг ёмон кўрсаткич пойтахт ва Тошкент вилоятида (ҳар бирида 59 тадан ЙТҲ) кузатилган. Навоий вилоятида эса ЙТҲ энг кам содир этилган (9 та).
Қоидабузарликни келтириб чиқарган энг кўп сабаблар - бу йўлнинг белгиланмаган жойидан ўтиш (89 та ҳодиса), белгиланган тезликка риоя қилмаслик (48), ҳайдовчи пиёдани кўрмай қолиши (40). Ушбу кўрсаткичлар нафақат йўл ҳаракати иштирокчиларининг (ҳам пиёдалар, ҳам ҳайдовчиларнинг) ҳуқуқий саводхонлик даражаси нисбатан пастлигини, балки етарли даражада инфратузилма яратилмагани, айниқса, пиёдалар учун йўлни кесиб ўтиш қисмида светофор ва бошқа огоҳлантирувчи воситалар ўрнатилмаганини тасдиқлайди.
“Юксалиш” УМҲ яқинда халқаро амалиёт ва юртимиздаги вазиятни комплекс тадқиқ этган ҳолда шаҳарлар ва аҳоли яшаш пунктларида рухсат этилган энг юқори ҳаракат тезлигини 70 км/соат дан 60 км/соатга пасайтириш, жамоат транспорти тармоғини ривожлантириш, аҳолини элементар хавфсизлик қоидаларига риоя этишлари учун уларнинг хабардорлигини ошириш каби ташаббусини илгари сурган эди.
Ушбу йўналишдаги ишлар бошлаб юборилди. “Юксалиш” УМҲ раиси Акмал Бурханов БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Ҳелена Фрейзер билан учрашиб, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда тадқиқот ва лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди.
“Юксалиш” УМҲ ходимлари, ўз навбатида, ушбу долзарб муаммога кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадида ойлик маълумотларни умумлаштириб, инфографика кўринишида тақдим этиб боришни мақсад қилган.
2020 йилнинг январь ойида йўлларда содир этилган ЙТҲ статистикаси эътиборингизга ҳавола этилади.