Япониялик сайёҳлар Самарқанд ҳақида нима дейди?
Кеча “Нарита-Самарқанд” йўналишида чартер рейс билан 209 нафар япониялик сайёҳ вилоятимизга ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбарининг фармонига асосан 2018 йилнинг февралидан Исроил, Индонезия, Корея Республикаси, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Япония фуқаролари учун юртимизда 30 кун муддатга визасиз тартиб жорий этилганди. Бу мамлакатимизга келаётган сайёҳлар сони ортишига хизмат қилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 6 ойида вилоятимизга 157 мамлакатдан 281 мингдан ортиқ сайёҳ келган. Биргина “Нарита-Самарқанд” йўналишида 13 марта парвозлар амалга оширилган.
– Юртингизга биринчи марта келишим, – дейди Шизино Окунура. – Самарқанднинг тарихий обидалари тўғрисида интернет орқали маълумотга эга эдим. Тарихий обидалар бир-биридан чиройли, айниқса, тунги Регистон менга бир олам завқ бағишлади. Эътибор берсам ўзбек ва япон халқларининг бир-бирига ўхшаш томонлари кўп экан.
– Очиғи, бизни юқори савияда кутиб олганларингиздан бениҳоят хурсанд бўлдик, – дейди Козима Юко. – Аэропортда халқаро тажриба асосида “яшил” ва “қизил” йўлаклар жорий этилгани, ноқонуний ва тақиқланмаган товар бўлмаса 4-5 дақиқа ичида божхона зонасидан ўтиш мумкинлиги жуда қулай. Шу боис божхона назоратидан ортиқча оворагарчиликсиз ўтдик.
– Йирик матбуот манбаларида, телевидениеда Ўзбекистон мавзуси доимо ёритиб борилади, – дейди Юко Ўирота. – Шу боис юртингиз тарихи, гўзал табиати ва қадимий урф-одатларига Японияда жуда катта қизиқиш билдирилади.
Умуман, Ўзбекистон менинг иккинчи Ватанимга айланган. Чунки 4 йил давомида Тошкент давлат шарқшунослик институтида ўқиганман. Мен аввал ҳам Самарқандда бўлганман. Бу ерда тайёрланадиган ноннинг таъми оғзимда қолган.
Сайёҳлар 7 кун давомида Бухоро, Шаҳрисабз ва Хива шаҳарларига ҳам саёҳат қилиши режалаштирилган.
Самарқанд вилояти божхона
бошқармаси ахборот хизмати.