Японлар: Мактабимиз, иш жойимиз озода, тартибли бўлса, кўнглимиз тинч, ишимиз самарали бўлади

Японларнинг машҳур “Гакко Сожи” (мактаб тозалиги) деб аталадиган анъанаси акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тез-тез учраб туради. “Гакко Сожи” - Японияда ўқувчилар гуруҳ-гуруҳ бўлиб ўз синфини, мактабини тозалайдиган, қадриятга айланиб улгурган жараён. Кўпинча бу анъанага нисбатан хулоса чиқаришга иккиланамиз. Чунки бу Шарқ маданиятида боланинг янада масъулиятли фуқаро бўлиб ўсишига имкон берадиган яхлит амалиёт деб тан олинган бўлса-да, Ғарб дунёсида кўпчилик томонидан бу амалиётга болаларга нисбатан қилинган зўравонлик деб қаралади.

“Гакко Сожи”да иштирок этаётган япон болалари нега бунчалик хурсанд?

Aксарият мамлакатларда тозалаш ишлари болалар учун онасидан телевизор кўриш ёки кўчага чиқиб ўйнаб келишга рухсат олиш учун тўланадиган товон вазифасини ўтайди.

Японияда эса ўзининг уйини, синфини, мактабини тозалаш болалар ҳаётининг ва таълимининг бир қисмидир. Мактабларнинг болалар томонидан тозаланиши ҳукуматнинг топшириғи эмас. Лекин ҳар бир мактаб бу анъанани миллий ғояга айлантирган. Япон болалари мактабни тоза сақлашни уларнинг ҳаёти ва маданиятининг бир қисми деб билади ва бу ишни сидқидилдан бажаради. Уларнинг шиори оддий: “Aгар биз маълум бир макондан фойдаланаётган бўлсак, бу жойни тоза сақлаш бизнинг бурчимиздир. Мактабни тозалаш нафақат ҳукуматнинг, балки ўқувчиларнинг ҳам ташвишидир”.

Тозалик биродарликка ҳам йўл очади...

Биринчи синф ўқучиларидан ташқари барча ўқувчилар синфларини тозалайди, ҳатто, синфдошларига тушлик тайёрлайди. Фаррошлар фақатгина болалар учун қийин бўлган ишларнигина қилишади. Болаларга тозалаш ишлари ўқитувчилар томонидан тақсимлаб берилади. Ўқитувчилар ишни адолат билан тақсимлашга ҳаракат қилади. Юқори синф ўқувчилари қуйи синф ўқувчилари билан шерикликда ишлайди. Бу ҳатто, оилада ёлғиз фарзанд бўлган япон боласида ҳам биродарлик кўникмасини шакллантиради, боланинг комуникативлигини оширади. Тозалаш амалиёти уларнинг шахс сифатида ривожланишига, намунали фуқаро бўлиб етишишига ҳам ёрдам беради.

"Япония таълимининг асосий мақсади ўқувчини жамиятнинг тўлиқ интеграциялашган аъзоси бўлиб етишишига кўмаклашишдир", дейилади япон таълимига бағишланган "Болалар ҳаётига назар" китобида.

Aтрофимизни ва ўз танамизни тоза сақлаш онгимизга ҳам ижобий таъсир кўрсатади

"Бизни ўраб турган муҳит, табиат қанчалик тоза, яшаб турган уйимиз, ўқиётган мактабимиз, ишлайдиган жойимиз қанчалик озода, тартибли бўлса, кўнглимиз шунчалик тинч, ишимиз эса самарали бўлади", дейди японлар.

Ўқувчилар ёшлигидан одамларга ғамхўр бўлиш, уларни ҳурмат қилиш, теварак-атрофни доимо тоза сақлашга, табиатни севишга ўргатилади.

Бундай кўникмага эга болалар эса жамият муаммосини индивидуал муаммо сифатида қабул қилишга, табиат, жамият учун қайғуришга, муаммоларга ечим излашга ўрганади.