“Яшил йўлак”даги товарлар 3 соатда божхона кўригидан ўтказилади. Тизимда яна нималар ўзгармоқда?

- Тадбиркор импорт қилган маҳсулотини декларацияда 40 тонна кўрсатди, лекин амалда маҳсулот 50 тонна, унда нима чора кўрилади?

- Бир хил товарларни импорт қилувчилар битта декларация билан минг тонна маҳсулотни олиб ўтишлари мумкинми?

- “Яшил йўлак”даги тадбиркор “Сариқ йўлак”ка нимага асосан ўтказилади?

Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасида Божхона қўмитаси масъуллари иштирокида ўтказилган тадбирда шу каби саволларга ойдинлик киритилди.

- Энди “қоғозсиз ва электрон божхона” тизимининг мантиқий давоми сифатида “рақамли божхона” тамойилини амалга оширишга этибор қаратилмоқда, - дейди Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Фарҳод Олимжонов. - Бу божхона органлари самарадорлигини ошириб, халқаро норма ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилишда муҳим. Ўзбекистон 2020 йилда Божхона тартиботларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги Киото конвенцияси ва “Вақтинча олиб кириш тўғрисида”ги Истамбул конвенциясига қўшилди. Божхона тизимида кейинги беш йилда “Қизил”, “Сариқ”, “Яшил” йўлак тизими жорий этилди. Натижада ҳозирга қадар экспортда 83,3 фоиз, импортда 60,9 фоиз юклар соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилмоқда. Кўриклар сони 1,2 мартага камайди, самарадорлик 1,5 баробарга ортди, вақт сарфи экспортда 1,7 ва импортда 1,4 бараварга қисқарди.

Тизимдаги яна бир янги лойиҳа дастлабки декларация тақдим этиш. Бунда тадбиркор импорт маҳсулотни республикага кириб келмасдан расмийлаштириш ва товарини ўз омборига тушириши соддалаштирилади. Шунингдек, аввал ходимлар импорт маҳсулот божхона постига кириб келгач 72 соатда божхона кўригидан ўтказиши белгиланганди. Янги тартибда “Яшил йўлак”ка тушган маҳсулот 3 соатда, “Сариқ йўлак”да эса 8 соатда божхона кўригидан ўтказилади. Ходим йўлаклардаги маҳсулотни бошқа йўлакка асоссиз ўтказиши мумкин эмас. Республикадаги барча чегара божхона постлари тарози, замонавий кузатиш технологиялари, огоҳлантириш дастурлари билан жиҳозланди. Бу ҳам тизимда шаффофлик, тезкорлик ва асосийси холисликни таъминлайди.  

Маълумотларга кўра, 2020 йил 1 январдан ишга туширилган “Ягона дарча” божхона ахборот тизими 6 та органнинг 17 та сертификат ва рухсат бериш тусидаги ҳужжатларини олиш учун онлайн электрон мурожаат этиш ва ҳужжатларни рақамли форматда олиш имкони берди. Жорий йилда эса яна 2 та назорат қилувчи идоралар тизимга интеграция қилинади ва жами 39 турдаги рухсатнома ҳужжатларини олиш мумкин бўлади. Рақамларга кўра, тизим жорий қилинганидан буён ҳозирга қадар унда 34,4 мингдан ортиқ ТИФ қатнашчилари рўйхатдан ўтган ва ваколатли давлат органлари томонидан 700 мингдан ортиқ рухсатнома ҳужжатлари расмийлаштирилган.

Ўктам Худойбердиев.