Яхши келган ҳутни кўринг, пақир тўла сутни кўринг

Кўкламнинг ёмғир кўп ёғадиган намхуш оқшомлари болалигимизда жуда зерикарли туюларди. Ташқарида шамол “ув” тортар, дарахтларнинг шохи қарсиллар, итлар занжирини узгудек бўлиб тинмай ҳурар эди.

Бу товушлардан ваҳимага тушиб эналаримизни саволга тутардик:

- Ташқарида нима бўляпти?

- Аямажуз келган-да, болам.

- Аямажуз ёмонми?

- Ёмон эмасу, лекин раҳм қилмайди-да, - дердиэнам. Кечагина боғимиздаги зардолилар гулини тўкиб, барг чиқарганди. Мана, аямажуз баргларини битта-битта юлиб отяпти. Феъли шунақа-да.

"Демак, аямажузнинг ўзи эмас, феъли ёмонэкан", деб ўйлардик ва ўзимизча унга хайрихоҳ бўлардик. Кейин эналаримиз ўргатган тилакларни пичирлаб айтардик:

Аямажуз яхши келсин, илойим,

Аямажуз яхши келсин, Худойим

- Ҳут келади ҳадемай, ишқилиб яхши келсин-да, - дер эди кексалар баъзан бир-бировлари билан ўзаро суҳбатлашаётиб. Унинг ҳам айтимлари бор эди.

Яхши келган ҳутни кўринг,

Пақир тўла сутни кўринг.

Ёмон келган ҳутни кўринг,

Керагида путни кўринг.

Айтишларича, ҳут яхши келса кўкаламзор кўпайиб, сигирлар яхши сут беради, ёмон келса сел-жала тинмай, мол-қўйларнинг баъзи бирлари сувда оқар ё бўлмаса жалада тойиб йиқилган қўйлар сўйилиб, керагага  осиларкан.

Яна бир куни қаттиқ шамол турди. Ёмғир томчилари деразани черта бошлади. Бирданига чироқ ҳам "лип" этиб ўчиб колди. Укам билан бобомнинг ёнига чопиб бордик.

- Ҳозир ҳаммамиз бирга қўшиқ айтамиз, кейин сираям қўрқмайдиган бўласизлар, - деди бобом. Ўша қўшиқнинг сўзлари ҳали-ҳали ёдимда.

Шамол турса, қўрқмагин,

Шамол бобонг бўлади.

Ёмғир ёғса қўрқмагин,

Ёмғир момонг бўлади.

Чақмоқ чақса чўчима,

Чақмоқ сенинг оғангдир.

Сел келганда сапчима,

У ҳам сенинг бобонгдир.

Чиндан ҳам шундан сўнг қўрқув ҳисси йўқолди. Гўёки бобом бир зумдаёқ табиат билан бизни дўстлаштириб қўйганди. Ёмғирнинг ҳам, шамолнинг ҳам товуши энди бизга хуш ёқиб кўзимизни уйқу элита бошлади.

Эртасига ҳаво чарақлаб очилди. Бир ҳафтагача кун тоза қизиди. Шунда бобом бизга "Қани, ёмғир чақиринглар", деди. Биз катталардан ўрганганларимизни хиргойи қилдик:

Деҳқон бобо ҳув деди,

Дала-боққа сув, деди.

Гулдурак момо, кел-эй.

Тоғ-дарадан ошиб ўт,

Дала-боғдан шошиб ўт,

Гулдурак момо кел-эй...

Айтишларича, шоҳ Фируз замонида Эронда етти йил ёмғир ёғмаган экан. Шунда эл-улус ибодатхоналарга бориб, ғайб кучлардан ёмғир сўрашган.

Йил қурғоқ келиб, ҳосил кам бўлган йилларда одамлар гўёки сув ҳомийси бўлган Султон хотиндан мадад тилашса ёмғир юборармиш. Ўша кезларда биз, болалар чўпга ўраб ясалган латта қўғирчоқни бош узра кўтариб, қўшиқ хиргойи қилардик:

Ёмғир ёғдир, ҳўл бўлайлик,

Биз ҳам сенга жўр бўлайлик.

Арпа-буғдой мўл бўлсин

Суту қатиқ кўп бўлсин.

Ёмғир ёғдир, ҳўл бўлайлик...

Биз Наврўз сайилларига чиқиб, варрак учираётган кезларимизда ҳам бор овозимиз билан шамолни чақирардик:

Шамол, шамол, бағринг камол,

Онангни сув олиб кетди,

Отангни сув олиб кетди,

Болангни сув олиб кетди.

Эса қол-эй!

***

Наврўз кунларида ер ҳайдаш, экин экиш юмушларини бажариш пайтида деҳқонлар "хўш, ҳайда”, "майда-майда” қўшиқларини айтган бўлсалар, аёллар сигирларини эркалаб, сутини кўпайтириш учун қўшиқ айтиб соғардилар. Соғим қўшиқларини оналаримиз ва момоларимиз ўзлари тўқиб ҳам хиргойи қилаверишарди.

Қишдан чиқиб, қувватсизланган сигирлар кўкламнинг илк майсаларига тўйиб қайтаётганида аёллар шу жониворларни "суқли” назарлардан эҳтиётлашган. Кўз тегмасин, дея шохлари ва туёқларига нуқра тошчалар тақиб қўйганлар. Сўнг подадан қайтаётган сигирлар йўлига чиқиб, ўзаро хиргойи қилишган.

Пода келар бош-бош,

Шохи тўлан уқратош.

Елини тирсиллайди,

Шохлари қирсиллайди.

Пода келар бош-бош,

Ҳой келаётган, четга қоч.

Кўзинг тегиб уюримга,

Дард келади сийиримга.

Ҳар гал Наврўз кунларида биз она табиат, осмон, хуллас, атрофимиздаги барча жониворлар билан мана шундай содда ва халқона қўшиқлар орқали "сўзлашардик", уларни бола қалбимиз билан яхши кўриб қолардик.

***

Болалик кезларда биз дала гиёҳларининг қай бирини гулидан, қай бирини ҳидидан ажратиб олардик. Сув қалампирнинг гуллари худди маржонга ўхшаш бўларди. Бўзночнинг гуллари сап-сариқ, марваридгул эса қўнғироқчани эслатарди. Далачой ва мойчечакнинг гулбарглари сулув, гулхайрининг ифори майин, девонагулнинг товланиши чиройли эди. Ёмғир севалаб ўтган чоғларда бу ўт-ўланларнинг хуш бўйи бутун борлиққа тараларди.

”Кўкатларнинг иси кўнглингни очади, кўкаламзор устидаги шудрингдан олиб ич, барча дардларинг кетади, дейишарди кексалар.

Майсаларга бўйлашиб, улар билан жой талашиб ўсаётган ялпиз, исмалоқ, жағ-жағ, беда ҳам минг бир дардга даво экан.

***

Тупроқни ёриб яшашга чоғланаётган майсалар, ариқ бўйларидаги митти чучмомолар, қирда бойчечагу бинафшалар, боғлар ичида сайраётган қушларнинг ҳамма-ҳаммаси Наврўз саҳарларида қутлуғ кунни қаршилаётгандай туюлади. Нозик ниҳол гулу гиёҳлар ҳиди димоқни қитиқлайди. Сумалак қозонлари атрофида шўх болалар чуғурлашади:

Армон, армон сумалак,

Жонга дармон сумалак.

Адирлар бағрида Наврўз гурунглари қизийди, айтишув ва лапарлар бошланади, беллашувлар авж олади.

"Қутлуғ кунда ғамга ботмай ўйнаб кул, фақат яхши ниятлар қилсанг келгуси Наврўзларга ҳам шоду хуррам етасан", деган ҳикматлар қадимдан қолган.

Қош қорайиб тун киргач, сумалак қозони атрофида давра қурилади. Момолардан бири чилдирма чалади, уни эшитганлар "сумалак сайли" бошланганини билиб узоқ-яқиндан келаверадилар. Энг аввал, момолардан бири ўйину лапарни бошлаб беради.

Қозон тўла сумалак,

Сайилдан бердик дарак,

Келаверинг, минг малак,

Сумалакжон, сумалак...

Кейин бошқалар ҳам момога жўр бўлишади:

Қайдадир ўттиз малак,

Улар солмаса намак,

Қачон пишар сумалак?!

Сумалакжон, сумалак...

(Айтишларича, сумалак қозони атрофига келиб ўтирган ўттиз малак тонгга яқин қозонга туз-намак ташлаб, сўнг учиб кетишармиш. Бу эса сумалакнинг пишганини билдираркан. Шу учун ҳам лапарда туз-намак сўзи тез-тез тилга олиб турилади.) Онахонлар энди навбатни ёш қизу келинчакларга берадилар. Қиз-жувонлар рақс тушиб, бир-бирларига гал бермай, ўзлари билган халқ қўшикларидан куйлайдилар.

Саҳар чоғида дам еб, пишган таомни сузишни кекса аёл бошлаб берган. У "Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм" деб қозон оғзини очади ва шундай сўзларни такрорлайди:

Ғойибдан барака

Беҳиштдан маза,

Менинг қўлим эмас,

Биби Фотима онанинг қўллари...

Сўнгра сумалак қатор идишчаларга сузилиб, биринчиси ён-атрофдаги кекса ёки дардман кишиларнинг уйларига элтиб берилади. Шу жиҳатдан олганда, сумалак жуда кўп яхшиликларга йўл очувчи қутлуғ таом саналади.

Момо чанқовузни лабига тутади. Бобо дўмбирани сайратади. Болакай қамишдан сибизик ясайди. Катта майдондан отлар дупури эшитилади. Барча "қиз қувди”ни кўрмоққа шошилади. Бир томонда кураш давом этади. “Ол, ҳа ол!”, ”Ҳалол, ҳалол!” дея давра гувиллайди. Яна бир ёқда "арқон тортиш"лар... Беллашувлар тугаб, ҳаммалари "келин салом" бўлаётган жойга ошиқадилар. Кайвони момо ўртага чиқиб "салом" айтади:

Хирмонлар донга тўлсин,

Дастурхон нонга тўлсин,

Юрт тинч, эломон бўлсин,

Ҳамма-ҳаммага салом...

Келинчаклар заррин ҳарир пардалари ортидан ним табассум қилишиб, бирма-бир саломга эгилади.

Наврўзи айём томошалари кечга қадар давом этади. Шу аснода меҳр дилларни бир-бирига боғлайди, чеҳралар офтобдек ёришади, кўзлар кулиб кўнгиллар яйрайди, вужудлар куч-қувватга тўлиб эртанги хайрли ва савоб ишларга чоғланадилар.

Гулчеҳра Жамилова,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.