“Йигирма уч”, мен - “Йигирма тўрт”, алоқадаман, қабул!”

Акам ҳарбий эди. Унга ҳавас қилиб, мен ҳам шу соҳани танлашга қарор қилдим. Ҳарбий ёки ички ишлар ходими бўлишимни раҳматли отам ҳам хоҳларди. Отамнинг орзусини амалга оширдим, мақсадимга эришдим. Тошкентдаги Алоқа коллежини тамомлаб, синов асосида ҳарбийликка қабул қилинганман. 11 йилдан бери алоқачи вазифасида хизмат қиляпман.

Турмуш ўртоғим – пайвандчи. У мени доим қўллаб-қувватлайди. Бир нафар ўғлимиз бор. Ҳали мактбада, 10-синфда ўқийди. Унинг ҳам орзуси – ҳарбий бўлиш.

Аёл киши учун ҳарбийлик осонмас, агар яқинларинг кўмакдош бўлмаса. Кези келганда тўй-маросимларда қатнашолмайман. Аммо афсусланмайман ҳам. Сабаби муқаддас бурчни бажаряпман. Ватанга садоқат билан хизмат қиляпман.

Людмила Снапенкино, кичик сержант.