Йигитлар ҳарбий хизматга кузатилмоқда

Эр йигитнинг ҳаётида шундай давр бўладики, бунда унинг халқига, Ватанига бўлган садоқати синовдан ўтади. Бир тарафда ота-она ва уй соғинчи, иккинчи тарафда олий бурч – эл-юрт осойишталигини ҳимоя қилиш вазифаси туради.

Шубҳасиз, ҳарбий хизмат мард ўғлонлар тобланадиган майдон.

Президентимизнинг тегишли қарори билан жорий йилнинг март-апрель ойларида республикамизда фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга юбориш белгиланган. Вилоятимизда айни тадбир 5 март куни бошланди. Вилоят мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида Ватан олдидаги бурчини адо этишга шайланган юзлаб жасур йигитлар учун байрам тадбири ташкил этилди.

Тантанали тадбирларда Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг биринчи ўринбосари Қ.Очилов, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи, полковник Б.Қувватов, масъул идора ва ташкилот раҳбарлари, нафақадаги ҳарбий хизматчилар ҳамда ота-оналар иштирок этди. Сўзга чиққанлар ҳарбийликнинг масъулияти, шарафи ҳақида тўхталди, мард ўғлонларга букилмас ирода, матонат, куч ва ғайрат тилашди.

Тадбир сўнггида чақирилувчиларга вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди. Кексалар, ота-оналарнинг дуолари, ҳарбий оркестрнинг ватанпарварлик руҳидаги куйлари тадбирга кўтаринкилик бағишлади.

Чақирилувчиларни муддатли ҳарбий хизматга кузатиш тадбирлари давом этмоқда.

Асқар Баротов.