Йигитлар муддатли ҳарбий хизматга сараланмоқда

Мудофаа вазирининг 2019 йил 15 апрелдаги буйруғи, Самарқанд вилояти ҳокимининг жорий йил 10 августдаги қарорига асосан туман ва шаҳар мудофаа ишлари бўлимларида чақирилувчилар синовдан ўтмоқда.

Бу жараён 2021 йил 10 февралга қадар давом этади.

- “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонунга асосан муддатли ҳарбий хизматга, шунингдек, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган, саломатлигига кўра Қуролли Кучлар сафида ҳарбий хизматни ўташга яроқли эркак фуқаролар чақирилади, - дейди Самарқанд вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи Ф.Алимходжаев. - Чақирилувчилар танлови, яъни ҳужжатларини ўрганиш, умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш ва якка тартибда суҳбат танлов кенгаши аъзолари томонидан кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилмоқда.

Умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашда чақирилувчилар куч, тезлик ва чидамлиликни аниқловчи нормативлар топширади. Бу борада ўтказилган синов натижалари асосида чақирилувчини ҳарбий-техника мутахассислиги бўйича тайёргарликка жалб этиш ёки муддатли ҳарбий хизматни ўташи юзасидан тавсия берилади ёки тавсия этилмайди.

Якка тартибдаги суҳбат давомида чақирилувчининг маҳалла ва жамиятда тутган ўрни, оилавий аҳволи, обрў-эътибори, юриш-туриши, қизиқишлари, юртимиз тарихи, буюк саркардалар, аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятига оид билимлари аниқланади.

Амалдаги қонунга кўра, умумий ўрта таълим мактаблари, ўрта махсус ўқув юртлари ўқувчилари, шунингдек, олий таълим муассасаларида кундузги таълим йўналишларида таҳсил олаётган талабаларнинг чақирилиш муддати ўқишни тамомлагунига қадар кечиктирилади.

Бошқа чақирилувчиларнинг муддатли ҳарбий хизматга, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилиш муддатини кечиктириш туман, шаҳар чақирув комиссиясининг қарори асосида уларнинг оилавий шароити ва саломатлигига кўра амалга оширилади.

Бугунги кунда муддатли ҳарбий хизматга саралаш ва танлаш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 апрелдаги “Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори асосида ташкил қилинмоқда. Бу борада шаффоф­лик ва очиқликни таъминлаш мақсадида чақирилувчиларнинг ота-оналарига ўтказилаётган танлов тадбирларини тўғридан-тўғри кузатиб бориш имконияти яратилди.

Янгича тартибга кўра, муддатли ҳарбий хизматга чақириш мавсуми бошлангач, муддатли ҳарбий хизматга саралаш ва танлашни амалга ошириш учун туман ва шаҳар мудофаа ишлари бўлимларида бутлаш комиссияси, вилоят миқёсида раҳбарият кенгаши тузилади. Бутлаш ва раҳбарият кенгаши аъзолигига Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари, Миллий гвардия, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлик­лари ходимлари жалб этилди. Улар саралаш ва танлов ишларида тўлиқ қатнашди.

Жорий йилда ҳам тиббий комиссияда фақат соғлиқни сақлаш бошқармалари томонидан ажратилган врачлар эмас, ҳарбий госпитал врачлари чақирилувчиларнинг соғлиқ даражасини аниқлаб беради.

Ё.Гадоев.