Ёғоч тиладиган тегирмон, қимматбаҳо чинни чироғи
Сарлавҳани ўқиб, ёғоч тиладиган тегирмон ҳам бўлар эканми, деб ҳайрон бўлишингиз табиий. Негаки, кўпчилик фақат ун тегирмонни билади-да. Аммо қадимги усталар шамол энергиясидан бошқа мақсадларда ҳам фойдаланишни яхши билишган.
Масалан, Голландияда ун тегирмонидан ташқари, бўёқчи, ёғ ишлаб чиқарувчи – жувоз, ёғоч тиладиган тегирмонлар бўлган. Айнан Петербургда Голландияда кемасозликни ўрганиб келган Пётр I чизмаси ёрдамида ёғоч тиладиган шамол тегирмони қурилган.
Голландиянинг Заансе Сханс қишлоғида ҳозиргача қоғоз ишлаб чиқарадиган тегирмон сақланиб қолган. Унинг қоғозлари сифатли бўлгани учун асосан экспорт қилинган. Айтишларича, Американинг машҳур “Мустақиллик декларацияси” айнан ана шу голланд қоғозида босилган экан.
***
Кўпчилик қадимий буюмлари бўлган одамлар хонадонида катта бойлик сақланаётганини хаёлларига ҳам келтиришмайди. 2008 йилда Лондондаги бир оилада шундай бўлди.
Улар хонадонида 40 йилдан буён сақланиб келаётган стол чинни чироғи жуда қимматли эканини билишмасди. Бошқа бир оила уни кўриб бу яхшигина замонавий машина нархида сотилиши мумкинлигини айтади.
Худди шундай бўлиб чиқди. Антиквар кўргазмасида бу чинни стол чироғи XVIII асрда ясалган бўлиб, у Цин сулоласига тегишли эканлиги ва уни 50 000 фунт-стерлингга сотиши мумкинлиги аён бўлди.
Бироқ ҳозирча, чинни чироқ эгалари бу пулга рози бўлишгани йўқ, улар қадимги антиквар нархи ҳали янада ошиши мумкинлигини билишади-да!
Т.Шомуродов тайёрлади.