ЙЎЛ БОШЛОВЧИ КЕМАЛАР

 Муаллимлар фидойи, муҳтарам зот бўлади,

 Ичиб дарё меҳрингиздан, тойчоқлар от бўлади.

 

Нақорат:

 

Ёшлигини китобларга жойлаган устозларим,

Илми бирла бўрон йўлин бойлаган устозларим.

 

Тунлар ҳамма ухлаганда қалбида бонг бошланар,

Ёнингизга қуёш келгач, осуда тонг бошланар.

 

Сиз бошини силаганлар, улғайиб сор бўлади,

Сиз бахтини тилаганлар, карвонда нор бўлади.

 

Сиз ҳаёт денгизида йўл бошлаган кемалар,

Қўлингизда келажакка битилган гул номалар.

 

Оқ қорларга айланганда сочингизда толалар,

Ой, қуёшни қўлда тутар, сиз ўқитган болалар.

 

Байрамингиз муборак, эй дарёйи азимлар,

Қабул айланг Хосиятдан, Сизга шеърий таъзимлар.

 

Хосият Бобомуродова

 

УСТОЗЛАР

 

Жамалаксоч қизча эдим мен,

Бир беғубор қушча эдим мен.

Чўкиб китоб-қоғозларимга,

Чопар эдим устозларимга.

 

Мактаб эди мен учун ҳаёт,

Устозларим ўгити қанот.

Орзу – бахтни қучар эдим мен,

Осмонларда учар эдим мен.

 

Қўл ушлашиб ой-йиллар ўтди,

Баҳордек шўх фасллар ўтди.

Чопа-чопа толдим, устозлар,

Мен улғайиб қолдим, устозлар.

 

Олавериб сабоқлар турин,

Тоғдек дардли нигоҳ бўлдим мен.

Замин узра тўкилаётган

Жуда улкан сабоқ бўлдим мен.

 

Ўз-ўзимга суяниб, бир-бир

Одимлайман, оёқларим чўғ.

Бу дунёда энди мен учун

Яшамоқдан оғир юмуш йўқ.

 

Жамалаксоч қизча эдим мен...

 

 

Жумагул СУВОНОВА

 

УСТОЗГА

 

Беш ҳарфда дунёнинг мазмунига шарҳ,

Беш ҳарфда мужассам ҳикмати мумтоз.

Эзгулик устоздир оламда асли,

Яхшилик-мукаммал муаллим, устоз.

 

Фидойи инсоннинг хислати ибрат,

Унинг сабоғидан дил айлар парвоз.

Шогирд ташвишини елкага ортиб,

Ёруғ манзилларга чорлайди устоз.

 

Мудом сабоғини унутма, дўстим,

Гул тутгил бугун сен устоз қўлига.

Унинг марҳамати ҳадсиз, бепоён –

Гуллар тўшар доим шогирд йўлига.

 

Яхши одамдирсан аслида дўстим,

Агар яхшиларга қилолсанг ҳавас.

Яшашдан мақсад ҳам аён: кимгадир

Устоз бўла олсак, шунинг ўзи бас.

 

                                                        Фармон ТОШЕВ

 

 

УСТОЗЛАРГА

 

Волидага менгзарлар: она ер, она қуёш,

Азалдан мавжуд калом: устоз отадан улуғ.

Аслида мураббий зот ота-онага қиёс,

Фарзанд уққан сўз, мисли бўлар жангчи тутган туғ.

 

Аёлдан авлиё йўқ, авлиё туққан она,

Энг улуғ аллома ҳам устоздан топган камол.

Пири комилдан шогирд тўғри йўлга равона,

Парвариш билан доим ҳар  гул кўрсатган жамол.

 

Мураббий  улуғланган  давлат асло бўлмас кам,

Юртда устозлар қадри кўтарилди кўк қадар.

Дунёга билим берган бизку минг йил муқаддам,

Тарихдан ҳақиқатни ҳеч ким қилолмас бадар.

 

Юрт қудратли бўлгайдир гулласа илму таълим,

Шавкат топган тафаккур ватанни қилгай обод.

Минг раҳбарнинг сарвари  бўлса доно муаллим,

Бундай йўлбошчи билан баркамол бўлар авлод.

 

 

Хуршид НУРУЛЛАЕВ