Йўлаклар реклама конструкциялари, савдо жиҳозлари билан тўсиб қўйиляпти
Инклюзив маданиятимиз қачон шаклланади?
Кейинги йилларда шаҳар инфратузилмасида инклюзивлик элементлари босқичма-босқич жорий этилмоқда. Хусусан, кўзи ожиз ва кўриш қобилияти чекланган шахслар учун мўлжалланган тактил (сариқ рангли, буртма шаклли қопламали) йўлакларни барпо этиш урфга айланмоқда. Бундай йўлаклар халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқилиб, ҳаракатланиш жараёнида муҳим ахборотни етказиб беради. Доира шаклидаги буртмалар йўлнинг тугаши ёки бошланишини, узиқ-узиқ чизиқлар эса йўлнинг давом этаётганини билдиради. Мазкур йўлаклар кўзи ожиз шахсларнинг мустақил ҳаракатланиши, шаҳар муҳитида эркин иштирок этиши учун зарур шартлардан бири ҳисобланади.
Бироқ кузатувларимиз шуни кўрсатмоқдаки, муаммо фақат йўлакни барпо этиш билан ҳал бўлмаяпти. Шаҳарнинг турли ҳудудларида ушбу тактил йўлаклар тадбиркорлик субъектлари томонидан реклама конструкциялари, савдо жиҳозлари, қутилар, қувурлар ва бошқа буюмлар билан тўсиб қўйилган ҳолатларга дуч келяпмиз. Оқибатда йўлак ўз вазифасини бажара олмаяпти. Бу ҳолатни шунчаки бепарволик сифатида баҳолаш мумкин эмас. Чунки гап шунчаки қулайлик ҳақида эмас, балки фуқароларнинг тенг ҳуқуқли ҳаракатланиш имконияти ҳақида бормоқда. Тактил йўлакдан фойдаланаётган кўзи ожиз шахс юқорида келтирилган кутилмаган тўсиққа дуч келиши нафақат жисмоний жароҳат, балки психологик ишончсизликка ҳам олиб келиши мумкин. Асосийси, бундай ҳолатлар уларнинг мустақил ҳаракатланишдан воз кечишига сабаб бўлади.
Хўш, нега бу ҳолат такрорланмоқда? Биринчидан, айрим тадбиркорлар инклюзив йўлакнинг вазифаси ва аҳамиятини етарлича англамаяпти. Иккинчидан, бу жамиятда инклюзив маданиятнинг ҳали тўлиқ шаклланмаганини билдиради. Демак, муаммо инфратузилма билан эмас, ижтимоий масъулият билан боғлиқ.
Инклюзив муҳит фақат ногиронлиги бўлган шахслар учун яратиладиган алоҳида шароитгина ҳам эмас. У жамиятнинг ҳуқуқий ва маданий етуклик даражасини кўрсатувчи мезон ҳам. Бу борада Ўзбекистон томонидан қабул қилинган халқаро мажбуриятлар, жумладан, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларини эслатиш ўринли. Мазкур ҳужжатда ногиронлиги бўлган шахсларнинг мустақил ҳаракатланиши ва жамоат инфратузилмасидан тўлиқ фойдаланиш ҳуқуқи алоҳида таъкидланган. Шу нуқтаи назардан, тактил йўлакларни тўсиб қўйиш нафақат техник ёки ташкилий камчилик, балки қонун ва ахлоқий меъёрларга зид ҳолат сифатида баҳоланиши лозим.
Инклюзив маданият - тенглик масаласи. Уни таъминлаш эса барчамизнинг бурчимиз ҳисобланади.
Дилдора САМАНДАРОВА,
Самарқанд давлат педагогика институти талабаси.