Йўлда ҳаёт синови: Нега бизда ҳали ҳам эътибор ва масъулият етишмаяпти

Кейинги вақтларда йўллардаги хавфсизлик масаласи яна кун тартибига чиқа бошлади. Вилоятда содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари сони ортиб бораётгани барчамизни жиддий ўйлантириши лозим. Бугун халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида берилган маълумотлар ушбуни ёзишга чорлади. Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида вилоятда 747 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилгани, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21 тага ёки 2,9 фоизга ошгани — бу шунчаки рақам эмас. Бу — инсон тақдири, оғриқ, йўқотиш ва ҳаёт учун боғланган умид демакдир.

Қувонарлиси, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари сони 198 тадан 181 тагача камайган. Бунинг ўзи ютуқ, албатта. Лекин 181 та инсоннинг ҳаёти йўлларда йўқолгани ҳам ҳақиқат. Ҳар бири — бир оила, бир умр, бир тақдир.

Қоидабузарликлар — сониялик хато, умрбоқий пушаймон

Яна бир маълумот кишини ўйга толдиради. Жорий йилнинг шу давригача 538 минг 727 та қоидабузарлик аниқланган. Бу жуда катта кўрсаткич. Айниқса, 2995 та ҳолатда ҳайдовчилар маст ҳолда транспорт бошқаргани қайд этилган — бу эса нафақат қонун, балки ақл ва виждонга ҳам зид ҳаракатдир.

Яқинда ҳамкасбим бир воқеани айтиб берди:

— Чекка қишлоқда бир йигит маст ҳолда автомобиль бошқариб келиб, куёвимнинг йўл четида тўхтаб турган машинасига келиб урилган. Машина ичида синглим ва унинг ёш боласи ҳам бўлган. Шукурки, улар омон қолишган, фақат енгил тан жароҳати олишган. Лекин икки машинанинг ҳам ҳолати оғир — деярли яроқсиз ҳолатга келган. Энг ачинарлиси, ўша маст йигитнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам бўлмаган. У ҳеч қандай ҳужжатсиз, бошқа бировнинг машинасини ҳайдаб юрган экан. Албатта, унга нисбатан тегишли жазо қўлланилди, лекин шу билан унга ақл кирдими, ўзига хулоса чиқардими — номаълум.

Афсуски, бизда бир марта қоида бузганлар жаримасини тўлаб, яна ўз билганича ҳаракатланаверишини кўп кузатамиз. Айниқса, молиявий имкони катта бўлган ҳайдовчилар учун бу жарималар деярли ҳеч нарса эмас. Ана шу жиҳат ҳам янада жиддий ечим талаб қилади.

Бу сингари ҳолатлар кўп. Жарима — муаммонинг ечими эмас. Айрим ҳайдовчилар учун бу чўнтакдаги майда пулдек гап. Жавобгарлик ҳисси, тарғибот, тарбия ва энг муҳими — қатъий ва барқарор назорат бўлмаса, бу муаммо давом этиши аниқ.

 

Пиёдалар ҳам масъулиятни унутмасин

Биз фаолият юритадиган Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқув бинолари ҳам катта кўча бўйида жойлашган. Бу ерда ҳам тез-тез бетартиб ҳаракатланаётган ҳайдовчиларга дуч келамиз. Бу ҳолат нафақат ўқитувчи ва талабалар, балки барча атрофдаги инсонлар хавфсизлигига таҳдид солади.

Йўлларда фақатгина ҳайдовчилар эмас, пиёдалар ҳам кўп қоида бузишади. Вилоятимизда ўтган 9 ойда 30 минг 50 та қоидабузарлик айнан пиёдалар томонидан содир этилган экан. Кўчада қўлида телефони, қулоғида қулоқчини бўлиб, атрофга қарамай юрадиган ёшлар жуда кўпайиб кетди. Бу — хавфли ҳол, албатта. Йўл белгиларига эътибор бермасдан, белгиланмаган жойлардан йўлни кесиб ўтиш, машиналарга қарамасдан юриш бир дақиқалик ишдек туюлади, лекин оқибати жуда ҳам оғир бўлиши мумкин.

Жаримадан кўра жавобгарлик ҳисси муҳим

Йўллардаги фалокатлардан ҳимояланиш учун фақатгина қонун ёки жарима етарли эмас. Энг аввало — тафаккур, дунёқараш, онг ва масъулият ҳисси ўзгариши керак. Ҳар бир ҳайдовчи ўз қўлида фақат руль эмас, балки кимнингдир тақдирини ушлаб турганини ҳис этиши шарт. Ҳар бир пиёда — фақат ўз йўлини эмас, балки ўз ҳаётини танлаётганини англаши керак.

Маст ҳайдовчиларга нисбатан жазо мустаҳкамланиши лозим. Қонунчиликда уларни ҳайдовчилик ҳуқуқидан узоқ муддатга маҳрум қилиш, ҳатто жиноий жавобгарликка тортиш масалалари янада қатъийлаштирилиши керак, деб ўйлайман. Чунки машинани ақл билан эмас, маст ҳолда ҳайдаётган одам — жамият учун катта хавф, гўё портлашга тайёр бомба каби.

Эътиборли бўлиш — ҳар биримизнинг вазифамиз. Ҳар бир огоҳ қадам ортида бир инсоннинг ҳаёти турибди.

Мунаввар Файзуллаева.