Йўловчи дафтаридан: "Нега ҳайдовчига ёрдам бермадим?"

Уйга қайтаётсам, бир “Нексия-3”нинг олд ғилдираги ариққа тушиб кетганини кўрдим.

Олдиндан кетаётган машина тўхтади, мен ҳам тўхтадим. Орқадан яна бир машина тўхтади.

Бир овоздан чиқарворамиз деган тўхтамга келдик. Аммо ҳайдовчи жим ўтирибди. Бориб ойнасини тақиллатдим, ҳаракат йўқ.

Эшикни очганимни биламан, ароқ ҳиди гупиллаб урилди. “Машинадан тушинг, ичгансиз шекилли” десам, “Йўқ, ичмаганман” деб тушди-да, “Олдинга итарамиз” деди. “Ўзи олд ғилдирак ариқда бўлса, қанақасига олдинга итариш мумкин”, десак, жим бўпқолди.

Ҳолати шу даражадаки, вазиятни тушуна олмаяпти. Шу пайт эвакуатор келиб, ҳайдовчи машинани тортиш учун арқон билан тушиб келди.

“Нексия” ҳайдовчисининг аҳволидан келиб чиқиб, машинани чиқармасликка қарор қилдик. Бориб бирор пиёдани ёки машинани уриб юбориши ҳам ҳеч гапмас. Бизнинг гапларимизни эшитиб, ҳайдовчи йўлнинг нариги томонига ўтиб кета бошлади.

Мана шунақаларнинг дастидан кимнингдир жонига, кимнингдир молига зарар етяпти.

Муҳаммад Темур Аъзам