Йўлсозларга: Жамиятда кечаётган жараёнларга бефарқ бўлмаганларни ношукурликда айблаш ношудларнинг иши
Самарқандда бир вақтнинг ўзида 7-8 та кўчада реконструкция ишлари бошлаб юборилганлиги, кўпгина ишларнинг сифати талаб даражасида эмаслиги ва муддати чўзилиб кетганлиги ҳақида сўз юритганларни ношукурликда айблаш адолатданми?
Аслида ким ношукур? Яхшигина маош олса-да, зиммасидаги вазифани номигагина, ўлда-жўлда бажараётганлар ношукурми ёки уларни инсофга чақиришга уриниб, камчиликларини кўрсатаётганларми? Ахир, ўша ишлар учун давлатнинг, аниқроғи халқимизнинг қанча маблағи сарф қилинмоқда. Халқ пули қаёққа кетаётганлигини унинг вакиллари назорат қилиб туриши керак эмасми? Йўл қурилишида юзага келган вазият таҳлили самарқандликлар ношукур эмас, балки йўлсозлар ношуд ва ҳатто бир қисми нопокдир, деган саволни ўртага ташламаяптимикан?
Бундан икки-уч ой олдин айрим оммавий ахборот воситалари Самарқандни қамалда қолган шаҳарга таққослаган эди. Шаҳарнинг бир йўла 7-8 та кўчасининг ковланиши ана шундай гап-сўзларга асос бўлган эди. Бу нафақат автомашиналар ҳаракатланиши, балки пиёдалар учун муаммолар туғдирган эди. Етарлича ишчи кучи, айниқса, малакали мутахассислар бўлмаган бир шароитда иш кўламини шунчалик кенгайтиришга ҳожат бормиди? Натижада деярли ҳамма кўчада иш чала қолди, одамлар эса овора-ю сарсон.
Энди ҳақли савол туғилади: бирданига шунча жойда иш бошлаб, ҳаммасини чала қолдиргандан кўра, навбати билан бир-иккита кўчани битказиб, кейин бошқасига ўтиш самарали бўлмасмиди? Шунда мавжуд ишчи кучидан унумли фойдаланиб, аниқ режа билан иш бошлаш, белгиланган муддатда ишни тугатиш мумкин бўларди. Одамлар ҳам ҳозиргидек, бунча узоқ муддат азобда қолиб кетмасди.
Юқорида айтилганларга мисол тариқасида маҳалламиз ҳудудидан ўтган Афросиёб кўчасининг реконструкцияси билан боғлиқ ишлар хусусида сўз юритмоқчиман. Йўлсозликдаги камчилигу муаммоларни бу ерда соҳа ходимларининг вазифасига муносабати мисолида кўриб чиқиш мумкин. Бежиз қатрада қуёш акс этилади, дейилмас экан!
Камчиликлар ҳақида гапирсам, бунга ношукурлик, деб баҳо берманг. Маҳалламиз тарихида биринчи марта канализация олиб келиняпти. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашни янада яхшилаш мақсадида диаметри 500 миллиметр бўлган қувур ётқизилди, йўлга қалин асфальт қопланиши айтилмоқда, йўлнинг икки томонида жойлашган биноларнинг олд қисми “меҳмонлардан уялмайдиган даражада” янгиланмоқда ва ҳоказо. Бундай ўзгаришлар бошланганда аҳоли хурсанд бўлган ва кўпчилик шукур қилиб, бу ишларнинг бошида турганларни дуо қилган эди.
Аммо давлатимиз раҳбарининг қатъий талаби асосида халқимиз маблағи ҳисобидан амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари юқори сифат билан, талаб даражасида бажарилиши учун жамоатчилик назорати зарурлиги ойдек равшан-ку! Бўлди энди! Амалдор билан қурувчининг келишган ҳолда хуфиёна иш юритишига барҳам бериш вақти келган бўлса керак? Яна шуни инобатга олиш лозимки, дунёда энг коррупциялашган соҳалар қаторига қурилиш, жумладан, йўл қурилиши соҳаси кирар экан. Ишонмасангиз, марҳамат, ҳамма гапдан хабардор Googleʼдан сўраб кўринг.
Афросиёб кўчасида энди иш бошланган пайтда бу ерга ташриф буюрган вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов реконструкция ишлари давомида жамоатчилик назоратини амалга ошириш зарурлигига алоҳида урғу берган эди. Маҳалла раислари ва фаоллари йўлсозлар ишидан мунтазам хабардор бўлиб туриши улар ишининг сифатини кафолатлайдиган омиллардан бири эканлигини таъкидлаган эди вилоят раҳбари.
Лекин ҳозиргача қурувчи ва йўлсозлар жамоатчилик фикри билан ҳисоблашиш даражасида ўзларини “пастга” уришни ўрганишгани йўқ. Натижада қандай ҳолат юз берди? Қурилиш муддати чўзилиб кетди. Аввалида, икки-уч ойда бажарилиши мўлжалланган иш мана тўрт ой бўлдики, ҳали охири кўринмайди. Иш жуда суст кетмоқда. Кўп марталаб ишчилар давра бўлиб, гаплашиб турганига гувоҳ бўлганмиз. Мутахассис бўлмаган вақтда, улар нима қилишини билмайдигандек кўринади. Канализация ва водопровод тармоғини ўтказаётганлар ўз ишини бажариб кетди. Лекин йўлсозлар туфайли яна қанча вақт серқатнов йўл ёпиқ ҳолича туриши номаълум.
Кузнинг иссиқ ва ёғингарчиликсиз ўтган кунларидан унумли фойдаланилмаганлиги энди панд бермоқда. Ёмғир ва қор ёғишидан олдин бажарилмай чала қолдирилган ишлар туфайли аҳоли азият чекишга мажбур. Масалан, ариқ учун қазиб қўйилган чуқурдан унинг яқинида жойлашган хонадонлардан кўчага чиқишда, ундан ўтиб мактабга, МТТга боришда, айниқса, болалару қариялар қийналмоқда. Катта йўлга туташ тор кўчаларнинг бошланиш қисми тозаламаганлиги боис ўтиб қайтганлар лой кечишга мажбур бўлмоқда.
Йўл ярим метрга ҳам кенгаймаган бўлса-да, унинг икки четидаги дарахтларнинг аксарияти олиб ташланди. Мутасаддилар бу ердаги қимматбаҳо сакура, каштан, арча дарахтлари бошқа жойда экилганлигини таъкидламоқда. Аммо нега 14 йил аввал экилиб, бўй чўзган дарахтлар олиб ташланди? Кўча бўйлаб 150 тадан ортиқ сакура кўзни қувонтириб гулларди. Уларни бошқа жойда экдик, деганлар мана бу суратни кўрсин. Дарахтларни ишчилар ўтинга айлантириб, харидоргир қилиб қўйганини билиб қўйсин.
Мутахассисларнинг малакаси етишмаслиги бўлса керак, иш давомида бир неча марталаб йўлнинг икки четидаги водопровод қувурлари тешилиб, оилалар сувсиз қолган ҳолатларнинг гувоҳи бўлдик.
Яна бир гап. Бундан бир ой(!) олдин ётқизилган асфальтнинг дабдаласи чиққанлигини айтсам, каминани ношукурликда айблашмаса керак? Талаб бўйича асфальт 7-10 йил хизмат қилиши керак экан. Эътибор қилинг, 7 ой эмас, камидан нақ етти йил!
Булар Афросиёб кўчасида бажарилаётган ишларга оид айрим қайдлар эди. Шаҳарнинг бошқа кўчаларида олиб борилган ишларни ўрганиш айрим йўлсозлар фақат ношуд эмас, нопок ҳам эканлигини кўрсатмоқда. Бундайларни Худонинг ўзи жазолади. Агар ёмғирни бермаганида, уларнинг жиноят даражасидаги хатоси маълум бўлмасдан қолиб кетармиди? Янги йилнинг биринчи кунлари ёққан ёмғир оқибатида Рудакий кўчасининг канализация қувури ётқизилиб кўмилган қисми чўкиши оқибатида автобус чуқурга кириб кетган эди.
Ушбу ҳолат бўйича вилоят ҳокимлиги томонидан мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи тузилган эди. Маълум бўлишича, бу ердаги қурилиш-монтаж ишларини “Сув таъминоти ва оқава сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” ДУК Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси буюртмаси асосида “Бағдод Карвон” МЧЖ олиб борган. Ишчи гуруҳи 2 миллиард сўмлик қурилиш ишлари сифатсиз ва 593 миллион сўмлик ишлар тўлиқ бажарилмаганлигини аниқлаган.
Бундан ташқари, Самарқанд шаҳридаги Гулобод кўчасида таъмирлаш ишларидаги йўл қўйилган камчиликлар юзасидан жиноий иш қўзғатилганлиги бу жойда ишлаган қурувчиларнинг нопоклиги ҳақида яна бир далил бўла олади.
Юқоридаги факту рақамлар жамоатчилик назорати ҳар соҳада зарурлигини кўрсатиб турибди. Жонкуяр, атрофида, бутун жамиятда кечаётган жараёнларга бефарқ бўлмаганларни ношукурликда айблаш ношудларнинг иши. Шундай эмасми?
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ.