Ёш тадбиркорлар учун 540 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар берилади
Самарқандда ёшларнинг инновацион, стартап ва бизнес лойиҳалари танлаб олиниб, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёш тадбиркорларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 000 бараваридан 2 000 бараваригача (бугунги кунда 270 миллион сўмдан 540 миллион сўмгача) кредитлар ажратилади.
Бу ҳақда Марказий банк Самарқанд вилоят бошқармаси хабар бермоқда.
Кредитлар Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси (ҳозирда 14 фоиз) миқдорида 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга ажратилади. Кредит таъминоти учун қонунчиликда ва банк кредит сиёсатида тақиқланмаган таъминот турлари, жумладан Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси кредит суммасининг 50 фоизигача миқдоридаги кафиллиги лозим.
Мазкур имтиёз Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 декабрдаги “Ёшларни тадбиркорликка жалб этиш ва уларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида берилмоқда. Қарор ижроси юзасидан ёш тадбиркорларга жойларда семинарлар ўтказилмоқда.
Бошқарма вакилларига кўра, кредитлар аввал олинган кредитлар ёки бошқа ҳар қандай қарзларни қайтариш, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, шунингдек, чилим ва электрон сигареталарни ишлаб чиқариш, савдо-воситачиликни амалга ошириш, умумий овқатланиш ташкилотларининг айланма маблағларини шакллантиришга ажратилмайди.
Таъмирлаш-қурилиш ишларига, шу жумладан савдо объектлари ва умумий овқатланиш объектларини ташкил этиш, ишлаб чиқариш мақсадларидан ташқари харажатлар, шу жумладан маъмурий харажатларни тўлаш ва хизмат автотранспорт воситасини сотиб олиш, тиражли, бир лаҳзали ва рақамли лотереяларни ташкил этишга, шунингдек, ушбу мақсадлар учун ускуналар харид қилишга ҳам йўналтирилмайди.