Ёшлар бандлиги бўйича янги босқич: амалий ишлар жадаллашмоқда

Президентимизнинг Самарқанд вилоятига ташрифи давомида ёшлар масалаларига қаратилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Шу мақсадда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев бошчилигидаги масъуллар ҳудудлардаги ёшлар бандлигига хизмат қиладиган инфратузилма объектларини атрофлича ўрганди.

Ўрганишлар жараёнида, энг аввало, ёшлар учун барқарор иш ўринларини яратишга қаратилган лойиҳалар, мавжуд шароитларнинг реал ҳолати, ечим талаб қиладиган муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича аниқ амалий чоралар белгиланди.

Шу доирада Иштихон туманида барпо этилиши режалаштирилган “Ёшлар маркази” жойлашадиган ҳудуд ҳам батафсил кўздан кечирилди. Мазкур марказ ишга тушгач, ёшларга таълим, касб-ҳунар ўргатиш, бўш вақтни мазмунли ташкил этиш, стартап ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг имкониятлар яратиб бериши алоҳида таъкидланди.

Бундай амалий ташрифлар ёшлар ҳаёти, бандлиги ва фаолияти учун янада қулай ва самарали шароит яратиш йўлида муҳим босқич бўлиб хизмат қилмоқда.