ЙПХ инспекторини урмоқчи бўлган шахсга маъмурий жазо қўлланди
Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида йўл-патруль хизмати ходимини урмоқчи бўлган фуқаро 15 кун давомида маъмурий қамоқ жазосини ўтайдиган бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Жорий йилнинг 28 октябрь куни соат 10:00 ларда Фарғона вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патруль хизмати батальони йўл-патруль хизмати иккинчи отряди учинчи сафарбар гуруҳи йўл-патруль хизмати катта инспектори белгиланган хизмат дислокацияси асосида хизмат олиб борган. Инспектор Олтиариқ тумани Ўзбекистон кўчасида йўл-ҳаракати қоидасининг 154-бандида кўрсатилган қоидаларни бузиб ҳаракатланиб келаётган «ВАЗ-2101» русумли автомашинани тўхтатади.
Автомобиль ҳайдовчисига содир этган қоидабузарлиги ҳолатини тушунтириб, маъмурий баённома расмийлаштираётган вақтида шу кўчадан ўтиб кетаётган фуқаро А.Юлчиев ҳеч бир сабабсиз ходимнинг хизмат фаолиятига аралашиб, ҳайдовчи содир этган қоидабузарлиги учун маъмурий баённома расмийлаштирмай жўнатиб юборишини талаб қила бошлайди. ЙПХ инспекторини уятли сўзлар билан ҳақорат қилади. Унинг қонуний талабларига бўйсунмай урмоқчи бўлади. Инспектор эса ички ишлар бўлимининг навбатчилик қисмига ҳолат юзасидан хабар беради. Шу куни А.Юлчиев Олтиариқ тумани ИИБга олиб келинган.
ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Бағдод тумани маъмурий судининг қарорига кўра, фуқаро А.Юлчиев Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ҳамда 194-моддаси 1-қисмида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга 15 кун муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.