Юртимиздаги 47 та тиббиёт коллежи Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларига айлантирилди

Тиббиётда чуқур билимга эга кадрларни замонавий таълим стандартлари асосида тайёрлаш, ҳудудларнинг шифокорларга бўлган эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда тиббиёт олий таълим муассасаларида мақсадли қабулни шакллантириш, бу йўналишдаги олий ўқув юртлари сонини ошириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар соҳада кадрлар сиёсатини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқмоқда, дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Жумладан, 2016 йил мамлакатимизда тиббиёт йўналишида 7 та олий таълим муассасаси фаолият юритган бўлса, бугун улар сони 11 тага етказилди. 6 та ҳудуддаги (Навоий, Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё, Наманган ва Тошкент вилоятлари) олий таълим муассасаларида тиббиёт факультетлари, 2 та ҳудудда (Қорақалпоғистон Республикаси ва Фарғона вилояти) тиббиёт институтлари ташкил этилди.

Қолаверса, тиббий таълимдаги квоталар 2017 йилга нисбатан бир неча баробарга оширилиб, соҳада кадрлар тайёрлаш кўлами янада кенгайтирилди. Хусусан, бакалавриатдаги ўринлар 2 баробарга (3445 тадан 6950 тага) кўпайиб, магистратурада ўринлар 2,3 баробарга (718 тадан 1631 тага) етди.

Шу билан бирга, ординатурадаги ўринлар 5 баробарга (961 тадан 4972 тага) оширилиб, мақсадли квота жорий этилди ва қабул қилинадиган талабалар 1180 нафардан 1527 нафарга етказилди.

Бундан ташқари, 47 та тиббиёт коллежлари Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларига айлантирилиб, жорий йилнинг ўзида 20 мингта ҳамширалик штати жорий қилинди.